“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 201-1-модда билан тўлдирилди.
Энди фуқароларни Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажармасликка ёки бузишга, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникациялар тармоқларидан, интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек матнни нашр этиш ёки бошқа шаклда кўпайтириш турларидан фойдаланган ҳолда оммавий даъват қилиш каби ҳуқуқбузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараваридан 80 бараваригача (14,7 млн – 19,6 млн сўм) миқдорда жарима солинади.
Жиноят кодексининг 244-моддаси биринчи ва иккинчи қисми қуйидагича тўлдирилмоқда:
Оммавий тартибсизликка ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилиш – БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилинади.
Агар ушбу хатти-ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникациялар тармоқларидан, интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек матнни нашр этиш ёки бошқа шаклда кўпайтириш турларидан фойдаланган ҳолда оммавий даъват қилинса, БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилинади.