Наманган вилоятида ноқонуний равишда олиб кетилаётган катта миқдордаги пиротехника маҳсулотлари ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Поп тумани бўлими маълум қилди.
Хабар қилинишича, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида «Водий-Тошкент» йўналишида ҳаракатланиб келаётган «Isuzu» русумли юк машинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Текширув натижасида ҳайдовчи Ҳ.Ҳ. фуқаро Б.О.га тегишли бўлган йирик ҳажмдаги пиротехника маҳсулотларини олиб кетаётганлиги аниқланди.
Машина юкхонасидан хорижда ишлаб чиқарилган 3 минг 800 қути «Трениа», 1 790 қути «Британик» ҳамда 35 дона «Волк» номли пиротехника воситалари топилди. Ушбу маҳсулотларнинг фуқаро С.С.га етказилиши режалаштирилган эди. Тезкор тадбир давомида эса барча маҳсулотлар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Тергов натижасида мазкур ноқонуний фаолият Жиноят кодексининг 250-1-моддаси (пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) бўйича баҳоланди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, қонунбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши кутилмоқда.