Тошкент, 5-март 2025-йил – Жаҳон банки Европа ва Марказий Осиё (ЕМО) минтақасидаги миграциянинг замонавий тенденсиялари, муаммолари ва имкониятлари таҳлилини ўз ичига олган янги тадқиқотни тақдим этди. Ҳисобот тақдимотида ташқи миграцияни тартибга солиш учун мас’ул давлат органлари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан экспертлар иштирок этишди.
Миграция дунё миграция аҳолисининг учдан бир қисми – 100 миллион муҳожир яшайдиган ЕМО минтақасининг ривожланиши учун муҳим масала бўлиб қолмоқда. Даромадлар ўртасидаги тафовут, демографик номутаносиблик, иқлим ўзгариши ва қуролли можаролар бутун дунё бўйлаб миграция оқимининг ўсишига ҳисса қўшишда давом этмоқда.
2023-йил ҳолатига кўра, тожикистонлик ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирларининг 80 фоиздан ортиғи Россияга йўл олган. Ўзбекистонлик муҳожирлар оқими кўпроқ диверсификацияланган: 57 фоизи Россияда, 15 фоизи Қозоғистонда ва 10 фоизи Украинада ишлайди.
Марказий Осиё мамлакатларида меҳнат миграцияси миллионлаб фуқаролар учун асосий даромад манбаларидан бири бўлиб қолмоқда. 2024-йил ҳолатига кўра, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг 45 фоизини ташкил этди – бу нисбий ма’нода дунёдаги энг юқори кўрсаткичдир. Қирғизистонда пул ўтказмаларининг ЯИМдаги улуши 24 фоизга, Ўзбекистонда эса 14 фоизга етди.
Ушбу мамлакатлардан келган муҳожирлар чет элда ишлаш орқали ўз даромадларини икки ёки уч баравар оширишлари мумкин, бу эса уларнинг оилалари турмуш даражасини сезиларли даражада яхшилайди. Хусусан, Қирғизистонда пул ўтказмалари оладиган уй хўжаликлари орасида камбағаллик даражаси 10 фоиздан кам, уларсиз эса 50 фоиздан ошган бўларди. Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонга пул ўтказмалари бўлмаганда мамлакатдаги камбағаллик даражаси 9,6 фоиздан 16,8 фоизга ошиши мумкин.
Жаҳон банкининг “Олдинга йўл: Европа ва Марказий Осиё минтақасида муваффақиятли миграцияни қўллаб-қувватлаш” ҳисоботида ЕМО минтақасидаги миграция тенденсиялари ва уларнинг давлат сиёсатига та’сири атрофлича таҳлил қилинган. У аҳолининг трансчегаравий мобиллигининг афзалликлари ва муаммолари бўйича янада мувозанатли ва далилларга асосланган мунозараларни шакллантиришга ҳисса қўшади.
Оқилона бошқарув йўлга қўйилса, миграция ЕМО минтақасидаги ижтимоий-демографик номутаносибликларни бартараф этишнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бироқ, унинг иқтисодий салоҳиятидан ҳали тўлиқ фойдаланилмаяпти, дейилади ҳисоботда.
Миграцияни самарали тартибга солиш ва унинг афзалликларини адолатли тақсимлашда халқаро мувофиқлаштириш муҳим рол ўйнайди.
Ҳисоботда қуйидаги давлат сиёсати чоралари таклиф этилган:
Тегишли давлат сиёсати чораларини ишлаб чиқиш учун миграциянинг ҳар хил турларини белгилаш.
Ушбу чора-тадбирлар юқори малакали ва паст малакали муҳожирлар, шунингдек, иқтисодий имкониятларни излаётганлар ва қуролли можаролар туфайли ўз мамлакатини тарк этишга мажбур бўлганлар ўртасидаги фарқларни ҳисобга олиши керак. Ушбу соҳадаги сиёсат илмий ма’лумотларга асосланиши, ҳам миллий, ҳам минтақавий даражада мувофиқлаштирилиши лозим.
Меҳнат унумдорлигини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш, шунингдек, фуқаролар ва иқтисодиёт фаровонлигини ошириш мақсадида маҳаллий меҳнат ресурслари рақобатбардошлигини ошириш стратегиясида миграциянинг турли жиҳатларини интеграциялаш.
Миллий даражада бу ички меҳнат бозорини ривожлантириш бўйича мавжуд дастурлар доирасида зарур кўникма ва билимларни эгаллаш имкониятларини та’минлаш, шунингдек, меҳнат мигрантлари оқимини истиқболли ташқи бозорлар эҳтиёжларига мувофиқ самарали тақсимлашга қаратилган иммиграция стратегияларини ишлаб чиқишни назарда тутади.
Миграциянинг тегишли жиҳатларини миллий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегияларига интеграциялаш орқали “ақл оқими” тенденсиясини “ақл ўсиши”га айлантириш.
Мигрантларнинг ўз юртларидаги давлат органлари меҳнат бозори эҳтиёжлари мониторингини амалга ошириш ва талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш учун та’лимни биргаликда молиялаштириш механизмларини жорий этиш орқали бунга ҳисса қўшишлари мумкин.
Шунингдек, меҳнат бозорини ислоҳ қилиш ва хорижда иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларни қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш орқали малакали мигрантларнинг ўз мамлакатига қайтишини рағбатлантириш зарур.
Хавфсиз ва ташкиллаштирилган миграция механизмларини ривожлантириш.
Мигрантларнинг ўз мамлакатларида рўйхатга олиш тизимларини жорий этиш ва мигрантларни қабул қилувчи давлатлар билан чет элда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган икки томонлама шартномалар тузиш муҳимдир. Аҳолини бошқа мамлакатларда ишга жойлашиш имкониятлари тўғрисида ишончли ахборот билан та’минлаш зарур.
Мигрантларнинг ўз мамлакатларидаги давлат органлари ўз фуқароларининг ижтимоий та’миноти ва суғуртаси бўйича тўловларнинг мигрантларни қабул қилувчи давлатларга “трансфер” қилинишига эришиш тавсия этилади.