Тошкент шаҳар ИИББнинг берган хабарига кўра, Юнусобод туманида ўтказилган мусиқа фестивалида бир неча фуқаролар жамоат тартибини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан майда безорилик содир этган.
Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Юнусобод туманида мусиқа фестивалининг биринчи куни ўтказилган. Соат 18.00 дан 22.20 ларга қадар бўлиб ўтган тадбирда кўплаб мусиқа ихлосмандлари йиғилган.
Хабарда айтилишича, улар орасида бир неча фуқаролар жамоат тартибини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан майда безорилик содир этган. ИИО ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида уларнинг шахси аниқланиб, 5 нафар вояга етмаганларнинг ота-онасига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига кўра маъмурий баённома расмийлаштирилган. Қолган фуқароларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказилаётгани айтилмоқда.
Шунингдек, ўтказилган текширув жараёнида фуқаролар тан жароҳати олганлиги ҳақида хабар келиб тушмаган. Ижтимоий тармоқ фаолларидан асосланмаган ва текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик сўралмоқда.