«Шоли етиштирувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Қарори (ПҚ-290-сон, 15.08.2024 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2024 йил 1 сентябрдан фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга шоли етиштириш ва харид қилиш харажатларини молиялаштириш учун Президент қарорида белгиланган шартларда имтиёзли кредитлар ажратилади.
2025–2026 йилларда шоли экиш учун харид қилинган ва ишлаб чиқарилганига бир йилдан ошмаган янги уруғ сеялкалари ҳамда кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг 20 фоизи Давлат буджетидан субсидиялар ажратиш орқали қоплаб берилади.
Хоразм вилоятида шоли етиштирувчиларга қуйидаги қўшимча субсидиялар ажратилади:
- шоли етиштириш учун ҳар бир гектар лазерли текисланган майдонга сарфланган ёқилғи-мойлаш материаллари харажатларининг 100 фоизини, бироқ бир гектар учун умумий харажат миқдорининг 1 млн сўмдан ортиқ бўлмаган қисмини қоплаш учун;
- Президент қарорида белгиланган миқдорларда замонавий сув тежовчи технологияларни жорий қилиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун.
2024 йил ҳосилидан, истисно тариқасида, Хоразм вилоятидаги 120 центнер ва ундан юқори ҳосил олган қишлоқ хўжалиги корхоналарига етиштирилган шолининг 50 фоиздан ошмаган гуруч маҳсулотини экспортга йўналтиришга рухсат берилади.