Олий Мажлис Сенати 16 августдаги ялпи мажлисда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фаолиятига оид тасвирларни “обрўсизлантириш мақсадида” тарқатганлик учун жазони назарда тутувчи қонунни маъқулламади.
Бугун, 16 август куни Сенатнинг ялпи мажлисида сенаторлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фаолиятига оид тасвирларни обрўсизлантириш мақсадида тарқатганлик учун жазони назарда тутувчи қонун лойиҳасини рад этди.
«Мазкур ҳолат учун жазони белгиловчи МЖтКга киритилаётган ўзгаришлар, яъни 195-2- модда таҳририда ҳам бир қатор масалалар мавжуд. Ушбу модда ҳам яна ишланиши зарур», — дейди сенатор Толибжон Абдумаликов.
Унинг айтишича, қонун лойиҳасини такомиллаштириш ва якунлаш учун Сенат ва Қонунчилик палатасининг келишув комиссияси тузилади.
Мазкур қонун 2023 йилдан буён муҳокамаларга сабаб бўлаётган эди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида депутатлар ИИО ходимларини обрўсизлантириш мақсадида видеотасвирга олган шахсларга 15 суткагача қамоқ жазоси белгилаш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллаб, сенатга юборган эди.