Бухоро шаҳрида “Оммавий ахборот воситаларида судлар фаолиятини масъулиятли ёритишда журналист ва блогерларнинг касбий маҳоратини ошириш” мавзусида икки кунлик тренинг ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-West Management Institute” ННТ Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш лойиҳаси” (JSSA) ҳамкорликда ташкил этган тадбирда Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида фаолият юритаётган журналист ва блогерлар қатнашди.
Аслида, судлар ва ОАВ ҳамкорлигини тўғри йўлга қўйилиши нафақат икки томонга, балки бутун жамиятга манфаат келтиради. Судлар ва ОАВ ҳамкорлиги мавзусида оммавий ахборот воситаларида бериб борилаётган материалларда бу ҳамкорлик судларга нима бериши, унинг суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда очиқлик ва шаффофликни таъминлашдаги ўрни ҳақида сўз юритилади. Бухорода ўтказилган тренингда ҳам масаланинг шу томонига эътибор қаратилди.
Суд тизими очиқлик сари
Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган кейинги йиллардаги саъй-ҳаракатлар натижасини кўриб турибмиз. Судлар шаффофлигига эришиш йўлида қатор амалий қадамлар қўйилди, судларнинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқаси яхшиланди. Бу йўлда давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 июлдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этди.
Фармонда суд ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган вазифаларни самарали амалга оширишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммо ва камчиликлар кўрсатиб ўтилган ҳамда улар қаторида қуйидаги ҳолат ҳам қайд этилган эди: “судларнинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлари қониқарсиз даражада ташкил этилганлиги суд фаолиятини лозим даражада ёритиш имконини бермаяпти ҳамда аҳолининг суд ҳокимиятига ишончи пасайишига олиб келмоқда”.
Демак, ҳужжатда судларнинг ОАВ билан мустаҳкам алоқа ўрнатиши суд ҳокимияти органларининг фаолияти ҳақида аҳоли хабардорлигини оширишга ва аҳолининг суд ҳокимиятига ишончини оширишга хизмат қилиши таъкидланган. Ўзаро ҳамкорлик одил судлов ғоясини тарғиб қилиш, суд ҳокимияти ва алоҳида судьялар обрўсини юксалтириш, суд тизими ҳақида жамоатчиликда ижобий фикрни шакллантириш учун ҳам зарур.
Судлар ва ОАВ ҳамкорлиги суд-ҳуқуқ тизимига нима беради?
Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши ва Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси томонидан суд органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтириш борасида анчагина амалий ишлар бажарилди. Жумладан, йилнинг ҳар чорагида вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш амалиёти жорий этилди. Шуниси диққатга сазоворки, Самарқанд вилоят суди раиси ва ўринбосарлари иштирогида брифинг эмас, тўлақонли матбуот анжумани ўтказилмоқда. Чунки шу йўл орқали журналистларда тўпланиб қолган саволларга жавоб берилади ва жамоатчиликни қизиқтириб келаётган шу куннинг муҳим масалалари ҳам ёритиб борилади.
Бу йиллар орасида судлар ва журналистлар муносабати йўлга қўйилди ҳамда суд органлари фаолиятини ёритишда ижобий ўзгаришлар кўзга ташлана бошланди. Бухорода ўтказилган тренингда Олий суднинг Жамоатчилик билан алоқалар маркази бошлиғи Азиз Абидов “муносабатларимизни ҳуқуқий доирага киритиш вақти келди” деганида, ҳақ эди. Буни, менимча, энди журналист ва блогерлар ҳуқуқий саводхонлигини янада юксалтириш орқали суд жараёнлари ёки муайян суд ишини ёритишда уларнинг масъулият билан ёндашиши ва бунда хатога йўл қўймаслик учун нималарга эътибор қаратиш лозимлигини янада чуқурроқ ўргатиш пайти келганлигига ишора деб тушуниш керак.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Бухорода ўтказилган тренинг ўз мақсадига эришдими? Мен шахсан бу саволга тўлақонли ижобий жавоб беришдан бироз ўзимни тийган бўлардим. Трнерларни танлашда ва тренинг дастурини тузишда ушбу тадбирни қайси ташкилот ва қайси мақсадда ўтказаётганлигига асосий эътибор қаратилиши лозим эди. Унинг мавзуси “Оммавий ахборот воситаларида судлар фаолиятини масъулиятли ёритишда журналист ва блогерларнинг касбий маҳоратини ошириш” бўлиб, унинг хорижий ташкилотчиларидан бири “Суд тизимини мустаҳкамлаш ло йиҳаси” (JSSA) ҳисобланади.
Шу сабабли тренингда чек-лист, гендер, фотоконтент яратиш каби кўплаб масалаларга вақт ажратишга ҳожат бормиди? Албатта, бу мавзулар журналист ва блогерлар учун муҳим. Аммо улар ҳақида алоҳида тадбирларда сўз юритиш лозим эмасмиди? Аслида, бу мавзулар тренерларнинг бошқа семинар ва тренингларида ўтилган. Шу сабабли аввалроқ бошқа шу каби тадбирларда қатнашган журналистлардан бири ўзаро суҳбатимизда зерикаётганлигини, бу ердаги гапларни аввал ҳам эшитганлигини қайд этиб ўтди.
Тренерларнинг билими, касбий маҳорати мақтовга лойиқ. Улар журналистиканинг кўплаб жабҳалари бўйича журналист ва блогерлар саводхонлигини юксалтиришга қодир. Аммо ушбу тренингга суд-ҳуқуқ тизими йўнилишида қалам тебратаётган, ҳар куни бу йўналишда турли муаммоларга дуч келган ва уларни енгган журналистларни жалб қилиш мақсадга мувофиқ эди. Улар Азиз Абидов ва судьялар иштирогида олиб борилган очиқ мулоқот пайтида ўзларини четга олмасдан, суҳбат мавзусига доир ўз қарашларини баён этарди.
Ёки Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан юридик масалаларни чуқур биладиган масъул қатнашганда, журналист ва судьялар дардини эшитарди, келажакда қандайдир муаммо юзага келса, қонун доирасида ОАВ ходимларини ҳимоя этиш учун билимга эга бўларди.
Мустақил ва одил суд тизими – ОАВ эркинлигининг муҳим омили
Судлар ва ОАВ ҳамкорлигининг бошқа жиҳати ҳам эътибордан четда қолмаслиги лозим. Судьяларни ОАВ қонунчилиги билан кенгроқ таништириб бориш, ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда судлар журналистларнинг эркин фикрини қандай қилиб қонун доирасида ҳимоя қилиб бораётганлигини кўрсатиш жамиятимиз тараққиёти учун ўта муҳим саналади. Чунки сўз эркинлиги ва матбуот эркинлиги таъминланмас экан, ҳеч қандай ривожланиш бўлмаслиги исбот талаб қилинмайдиган аксиомадир. Сўз эркинлиги хавф остида бўлган юртда демократия ҳам хавф остида бўлади. Ушбу эркинликни таъминлашда судларнинг қонун доирасида қабул қиладиган қарорлари муҳим аҳамиятга эга.
Очиқроқ қилиб айтсак, мустақил ва одил суд тизими бўлмаган жойда эркин оммавий ахборот воситалари ҳам бўлмайди. Ўз навбатида, эркин ОАВ бўлмаса судлар фаолиятини очиқ, шаффоф ва холисона ёритиш ҳам муаммога айланади.
Шу сабабли халқаро ташкилотлар грантига, яъни улар қачон маблағ беришига қараб турмасдан, Олий суд ва Журналистлар уюшмаси манфаатдор ташкилотлар сифатида судлар ва ОАВ ҳамкорлигининг ушбу томонига қаратилган тренинг ва семинарлар ташкил қилиши мақсадга мувофиқдир. Унга тажрибали судьяларни таклиф этиб, ОАВ қонунчилигидан яхши хабардор экспертларни тренер сифатида жалб этиш зарур.
Ана шундай экспертлар сардори албатта Карим Бахриев бўлмоғи лозим. Донгдор медиаҳуқуқшуносимиз ўзининг бир чиқишида шундай деган: “Агар мамлакатда сўз эркинлиги ҳимоя қилинмаса, бошқа ҳуқуқлар ҳақида ўйламасак ҳам бўлади”. Судьялар иштирогида ўтадиган тренингда уларнинг сўз эркинлигини ҳимоя қилишдаги роли ва ўрни ҳақида батафсил сўз юритилади.
Судьялар, прокурорлар ҳам журналистларга қилинган ҳар қандай тажовуз қонун доирасида жазоланиши лозимлигини англаб етишлари лозим. Чунки журналистлар хавфсиз шароитда ўз фаолиятини олиб боришига, тўғри сўзи учун туҳматга қолмаслигига, жиноятчиларни ўз номи билан атагани учун таъқиб қилинмаслигига, ҳужумга учрамаслигига мустаҳкам ишончи бўлганда, самарали ижод қила олади. Бу, ўз навбатида, эркин сўз ва эркин матбуотнинг асосий омилларидан саналади.
Энди айтилганларга хулоса ясаймиз. Бир томондан, одил судлов ғоясини тарғиб қилиш, суд ҳокимияти ва алоҳида судьялар обрўсини юксалтириш, суд тизими ҳақида жамоатчиликда ижобий фикрни шакллантириш учун судлар ва ОАВ ҳамкорлигини ривожлантириш лозим. Бошқа томондан, мустақил, фақат қонун доирасида иш кўрадиган суд тизими эркин сўз ва эркин оммавий ахборот воситалари мавжудлигининг асосидир.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
Суратлар: Олий суд матбуот хизмати
P.S.: Тренинг давомида суд фаолиятини ёритишда нималарга эътибор қаратиш масаласи атрофида бўлиб ўтган очиқ мулоқот ҳақида алоҳида мақола тайёрлаш ниятим бор.