Юртимизда оила жамиятнинг асоси деб эътироф этилади. Демак, оила шахсий масала эмас, балки ижтимоий аҳамиятга эгадир. Соғлом оиланинг вужудга келиши учун, энг аввало, жамият ва давлат қайғуриши, шунга мустаҳкам замин яратиб бериши лозим. Оила соғлом бўлсагина, жамият соғлом, мамлакат янада қудратли, юрт тинч ва осойишта бўлади.
Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда “Оила – кичик Ватан. Оила тинч бўлса, бахтли бўлса, Ватан тинч бўлади”. Дарҳақиқат, оила инсон ҳаётидаги энг азиз ва муқаддас даргоҳ ҳисобланади.
Оила жамият таянчи сифатида мамлакат иқболи ва келгуси истиқболини белгилашда муҳим ўрин тутади. Жамиятимизнинг ушбу асосий бўғини саналган ҳар бир оиладаги аҳиллик, ҳамжиҳатлик, фаровонлик, юксак маънавий муҳит маҳаллалар, шаҳар ва туманлар, вилоятлар, пировардида мамлакат тараққиёти ва саодатини белгилайди.
Сўнгги йилларда, мамлакатимизда униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз тарбиясига, умуман, оила ва никоҳ институтига салбий таъсир кўрсатадиган оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича самарали ва тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Аммо, турмуш қурган ёшлар орасида ҳаётни енгил-елпи тасаввур қилиш, оила муқаддас эканини тушунибетмаслик ҳолатлари ҳам, афсуски, учраб турибди. Ёш оилалар орасида арзимассабаблар билан ажралишлар сони кўпайиб бормоқда. Бегуноҳ ва норасида болалар етим бўлиб, меҳр ва эътиборга энг ташна вақтида ота-она тарбиясидан четда, том маънода носоғлом ва оила жиҳатидан тугал бўлмаган муҳитда қолмоқда.
Оила ва никоҳ институтининг муаммолари ҳамиша давлатнинг диққат-эътибори марказида ҳамда ҳимоясида бўлиб келган.
Оила ва никоҳнинг, айниқса, унинг ҳуқуқий асосларини тушуниш олдин ҳам мавжуд бўлган.
Масалан, Кормчей ўз тадқиқотида оила ва никоҳ муносабатлари ҳақида қуйидагиларни таъкидлаган: “Қонуний никоҳ ва эр-хотинлик муносабатлари Исо Масиҳ томонидан ўрнатилган ва белгиланган, инсон қавмининг ортиши, унинг тарбияси ва илоҳий шуҳратга эришиши йўлидаги ҳаракати, севги ва дўстлик, ўзаро ёрдам бериш ва энг асосийси гуноҳлардан сақланиш йўлидаги иттифоқидир”[1]. Мана шундай қилиб, никоҳ нафақат инсоннинг насл қолдириши ва фарзанд тарбиясидан ташқари гуноҳлардан сақланиш учун ҳам хизмат қилар экан. Зеро, оила маълум маънода жамиятда барқарор аҳлоқий муҳитни сақлашга хизмат қилади.
Ўзбекистонда никоҳ ва оилавий муносабатлар давлат томонидан амалга оширилади. Иккинчидан, ҳуқуқий нормалар билан тартибга солинувчи оилавий муносабатлар: а) тор маънода эр-хотинлар, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатлар; б) кенг маънода оила аъзоларининг фуқаро сифатида ва давлат ўртасидаги (унинг номидан ҳаракат қилувчи тегишли органлар мисолида) муносабатларга бўлинади.
Оила ҳуқуқий маънода никоҳ ва қариндошлик, оилавий муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи фарзандликка олиш, ёки болаларни бошқа шаклдаги тарбияга олиш каби муносабатлардан юзага келувчи маълум бир ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга инсонлар гуруҳини тушунамиз. Шу нарсани ҳам унутмаслигимиз керакки, ҳар доим ҳам оилавий муносабатлар ҳуқуқий муносабатларни ташкил этмайди. Энг асосий баҳсли саволлардан бири фактик никоҳ муаммосидир. Ушбу ҳолат юзасидан билдирилган немис олимлари И.Кат ва И.Г.Фихтенинг қарашлари қизиқарлидир. “Фактик жиҳатдан тарафларнинг бирга яшаши, лекин шартнома тузмаслиги ёки шартнома тузиб биргаликда яшамаслиги никоҳ ҳисобланмайди, — дейди Кант, — чунки бу ҳолатда қонун талаблари бузилади”[2].
И.Кат ва И.Г.Фихтелар эр ва хотин муносабатлари юридик жиҳатдан расмийлаштирилган бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар: бу ҳолатлар, яъни эр ва хотин ўртасидаги муносабатлар ҳар доим ҳам юридик характерга эмас, балки кўпинча табиий ва аҳлоқий ҳарактерга эга бўлишини улар эътиборга олмасликка ҳаракат қиладилар[3].
Таҳлилларга кўра, ажримларнинг аксарияти оилавий келишмовчилик, яъни эр-хотин, қайнона-келин, қудалар ёки келин-куёвнинг яқинлари ўртасидаги келишмовчилик, бир хонадонда 2-3 та оиланинг яшаши, овсинлар ўртасидаги муросасизлик, фарзандсизлик, моддий-иқтисодий таъминотнинг етарли даражада эмаслиги, эр-хотиннинг узоқ вақт бирга яшамаслиги, шунингдек, хиёнат, турмуш ўртоғининг ичкиликка берилганлиги сингари қатор сабаблар туфайли қайд этилмоқда. Аёлларнинг ажралиб, ота уйига қайтиб келиши ўша оилалардаги муаммоларни янада кўпайтирмоқда. Қолаверса, ажрашган аёл фарзандларини боқиш, уй-жой қилиш илинжида қатор қийинчиликларга дуч келмоқда. Уларнинг айримлари енгил-елпи, ноқонуний йўллар билан пул топишга ҳаракат қилмоқда. Бу албатта, аёллар иштирокидаги жиноятларнинг ортишига, фарзандлар тарбиясига, оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Жамоатчилик фикрига кўра, бугунги кунда оилавий ажримларга асосий сабаблар қуйидагича: учинчи шахс ва келин ёки куёвнинг зиддияти 32 %, қайнота ва куёв зиддияти 24 %, қайнсингил ёки қайнопа ва келин зиддияти 21%, қайнона ва келин зиддияти 18%, эр-хотин зиддияти 5 %.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, оилавий ажримларнинг олдини олиш учун, аввало, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларнинг шахсий хислатларини ижобий томонга ўзгартириш, оиланинг муқаддаслигини болаликдан онгига сингдириб бориш лозим. Шунингдек, ёш эр билан хотин ўртасида узилмас ишонч ришталарини боғлаш, учинчи шахсларнинг оила масаласида аралашувига чек қўйиш зарур.
Бу борада, давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар, кенг жамоатчилик бир мақсад йўлида бирлашиб, ўзаро аҳилликда ҳамда узвий ҳамкорликдаги фаолиятни тизимли равишда олиб бориш мақсадга мувофиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ХIV бобининг 76, 77, 78, 79, 80 моддалари оила, болалар ва ёшларга бағишланган бўлиб[4], шу жиҳати билан бошқа давлатларнинг Конституциясидан ажралиб туради. Оила ва никоҳ институтининг, айниқса, унинг ҳуқуқий асосларини тушуниш, маълум маънода жамиятда барқарор ҳуқуқий- аҳлоқий муҳитни сақлашга хизмат қилади.
Нозима Абдусаламова
Фуқаролик ишлари бўйича
Миробод туманлараро суди судьяси
[1] Царутова . Русское семейное право XVI-XVIII в.в.. -М., 1991, С.5.
[2] Литвинова А. Л. Из истории философских представлений о браке и семье (Проблема брака и семьи в философии Канта, Фихте, Гегеля ) // Семья как объект философского и социологического исследования. Л., 1974. С. 21-22.
[3] Ўша ерда .26 Б.
[4] Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. 2023. XIV боб “Оила, болалар ва ёшлар”. Б.18. 76-модда.