Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови кампаниясига старт берилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълумки, Конституциянинг 128-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.
Конституциянинг 128-моддасига ва Сайлов кодексининг 14, 36-моддаларига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови 2024 йил 27 октябрь, якшанба куни ўтказилади.
Марказий сайлов комиссияси томонидан Конституция ва Сайлов кодексида белгиланган муддатлардан келиб чиқиб, бугундан, яъни 2024 йил 26 июлдан Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампаниясига старт берилиб, Календарь режа тасдиқланди.