Хабар берганимиздек, президент Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш юзасидан биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда пахта-тўқимачилик кластерларининг молиявий барқарорлиги билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Уларга берилган имтиёзли кредит муддати 2025 йил 1 апрелгача узайтирилиши белгиланди.
Ўтган йили пахта етиштириш учун олинган кредитни муддатида тўлиқ қайтарган кластерларга имтиёзли кредитнинг 8 фоизи қайтарилади.
Бу йил пахта хариди учун имтиёзли кредит кластерларнинг ип-йигирув корхоналарига берилади.
Кластерлар сотиб олинган пахта тозалаш заводи қийматининг камида 35 фоизини тўласа, бу мулкни гаровга қўйишга рухсат берилади.
Мутасаддиларга чуқур таҳлил қилиб, иқтисодий самарасиз, молиявий мажбурияти юқори бўлган кластерлар мақомини қайта кўриб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Қайд этилишича, йил бошидан қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни молиялаштиришга 1 триллион 115 миллиард сўм йўналтирилди.
Бу ўз самарасини бериб, корхоналар тўлиқ қувватда ишлашни бошлади. Ҳудудларга 5 минг 781 та техника етказиб берилди.
Ҳокимларга унумдорликни ошириш учун пахта, мева-сабзавотчиликда механизация даражасини 50 фоизга етказиш топширилди.
Бунинг учун йил охиригача фермер ва деҳқонларни яна 6,5 мингта техника билан таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.
Йиғилишда комплекслар раҳбарлари, вазирлар ва ҳокимларнинг ҳисоботлари ва режалари тингланди.