Ижтимоий тармоқларда «Темур ғори тоғларида ёнғин» сарлавҳаси остида видеолар тарқалди. Вилоят ФВБ ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Билдирилишича, бугун, 15 июль куни соат 12:15да Жиззах вилояти ФВБ навбатчилик қисмига Ғаллаорол тумани Кўкгумбаз МФЙ ҳудудидаги қир адирликда ёнғин бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган. Хабарга асосан ёнғин-қутқарув экипажлари манзилга соат 12:41да етиб бориб, 13:00да аланга ўраб олинган ва 14:22 тўлиқ ўчирилган.
Шунингдек, ёнғин жойига вилоят ФВБнинг 41 нафар шахсий таркиби ва ҳамкорликдаги хизматларнинг 27 нафар ходимлари жалб этилган.
Манбага кўра, содир бўлган ёнғин оқибатида фуқароларнинг тан жароҳати олиши ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдорини аниқлаш мақсадида суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.