Россияда ота-онаси томонидан қаровсиз ёки назоратсиз қолдириб кетилган 7 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, республиканинг масъул ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева бошчилигида Санкт-Петербург шаҳрида хизмат сафарида бўлди.
У ерда оғир вазиятга тушиб қолган 10 дан ортиқ хотин-қизнинг мамлакатга қайтишига кўмаклашиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
«Ушбу давлатнинг ваколатли ташкилотлари вакиллари билан олиб борилган музокаралар натижасида Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида сақланаётган, ота-онаси томонидан қаровсиз ёки назоратсиз қолдириб кетилган 7 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди», дейилади хабарда.
Болаларнинг бири Ўзбекистонга биринчи марта келганини айтса, яна бир 5-синфгача Ўзбекистонда ўқигани, сўнг Россияга онаси билан кўчиб кетганини, ўзини эндиликда хавотирсиз ҳис қилаётганини таъкидлади.
Ҳозирда болалар тегишли марказга жойлаштирилган ва кейинроқ ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга топширилади, дея қўшимча қилинди агентлик хабарида.