Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари гидрогель ва сув танқис бўлган ҳудудларда ундан фойдаланиш имкониятларини таҳлил қилди.
Сўнгги йилларда дунё ҳамжамиятини қурғоқчилик, сув танқислиги, тупроқ деградацияси ва чўлланиш каби муаммолар ташвишга солмоқда. Иқлим ўзгариши оқибатида 2050-йилга бориб, Тянь-Шань ва Помир тоғ тизмаларидаги жами музликларнинг 30-50 фоизгача бўлган қисми эриб кетиши ҳамда Марказий Осиё мамлакатларида сувга бўлган талаб 50 фоизгача ошиши кутилмоқда. Бунинг оқибатида Ўзбекистонда сув танқислиги ўртача 15-25 фоизга, чўлланиш даражаси эса 123 млн. квадрат метрга етиши мумкин.
Сув тақчиллигининг ортиши уни тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш зарурлигини англатади. Германия, Япония, Хитой каби мамлакатларда ўсимликларни парвариш қилишда турли хил ноанъанавий сув тежовчи технологиялар жорий этилмоқда.
Мисол учун, Японияда ҳаво ҳароратига қараб шаклини ўзгартирувчи гидрогель яратилган. У эгилувчан бўлиб, сувни ўзига шимиб олганда кенгаяди ва намликни ўсимлик томирига беради. Сўнгра олдинги ҳолатига қайтади ва яна намликни йиға бошлайди. Шу боис бунда у чўл-дашт ҳудудларидаги ўсимликларни суғоришда жуда қўл келади.
Хитойда чўл ҳудудидан ўтувчи 450 км магистрал йўл бўйида гидрогель ёрдамида иҳоталанган дарахтзор ва яшил қоплам барпо этилган.
Гидрогель қишда ёмғир, қор сувларида намликни ёки ёзда суғоришдаги сувни ўзига шимиб, узоқ вақт сақлайди ҳамда ўсимликлар илдизига нам бериб туради. У ўз оғирлигидан 400-500 маротаба кўп ёмғир сувини, 200-400 маротаба кўп тупроқ намлигини юта олади.
Бир гектар майдонга 35-50 кг гидрогель сарфланиши ҳисобига тахминан 120-140 куб метр сув тежашга эришилади. Тувакда ўстириладиган ўсимликлар учун 50-80 фоиз, қишлоқ хўжалиги экинлари учун 20-40 фоиз сувни тежаш имконияти яратилади. Дала шароитидаги гидрогель ўз хусусиятини 2-3 йил давомида йўқотмайди. Эскирган гидрогель қолдиқлари эса тупроқ таркибини бузмайди ва ўсимликлар томонидан азотли ўғит сифатида ўзлаштирилади.
Гидрогель технологиясининг иқтисодий аҳамияти қуйидагиларда намоён бўлади:
- гидрогель технологиясини оммавийлаштириш натижасида суғорилмайдиган жуда кўп ер ресурсларини иқтисодий фаолиятга киритишда;
- республикамизнинг сув танқис ҳудудлари, тоғ ва тоғолди, лалмикор ҳамда дашт ерларида, (бодом, писта, ёнғоқ), Оролбўйи ва чўл ҳудудларида (саксовул, юлғин ва ҳокозо), магистрал йўл бўйларида иҳота дарахтзорлар барпо этишда;
- шаҳарсозликни ривожлантириш, “Яшил макон”, “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш ва кўкаламзорлаштиришда (газон, гул, манзарали дарахтлар), ландшафт ва дизайнда, истироҳат боғларида;
- чўл ҳудудларида чанг-тўзоннинг олдини олувчи “Яшил қоплам” ва иҳотазорлар барпо қилиш орқали экологик ҳолатни яхшилашда.