Москвада туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича Россия–Ўзбекистон қуйи қўмитасининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» AA хабар берди.
Қайд этилишича, тадбирни Ўзбекистон Туризм қўмитасининг биринчи ўринбосари Жамшид Абдусаломов ва Россия иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Дмитрий Вахруков олиб борди.
Суҳбатда икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар, хусусан, аввал қабул қилинган қарор ва ҳужжатлар ижроси, Ўзбекистон ва Россия ўртасида сайёҳлик оқимини кўпайтириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича ҳукуматлараро ҳаракатлар режаси ҳамда икки давлат ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури муҳокама қилинди.
Шунингдек, Россия шаҳарларидан Тошкент орқали бошқа давлатларга боғловчи рейсларни ташкил этиш ва 2024-2025 йилларда Россияда «Ўзбекистон туризм йили»ни ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.