Таълим кредити фақат кундузги таълим шаклида ўқиётган талаба ва ўқувчиларга ажратилади. Президентнинг бюджет ҳисобидан таълим кредитини ажратиш бўйича фармони эълон қилинди.
Шунингдек, таълим кредити:
— олий таълим ташкилотларининг биринчи босқич талабалари ҳамда профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари учун тўлов-контракт суммаси миқдорида;
— олий таълим ташкилотларининг иккинчи ва ундан юқори курс талабалари учун фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи “3” дан паст бўлган тақдирда тўлов-контракт суммасининг кўпи билан 80 фоизи миқдорида ажратилади.
Бундан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар фарзандлари мустасно.
Таълим кредити учун аризаларни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Таълим кредити” ахборот тизими (taʼlim-krediti.mf.uz) ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш имконияти яратилади. Ахборот тизими Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилинади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2024 йил 1 июлга қадар ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар барча олий ва профессионал таълим ташкилотларининг тўлов-контракт шартномаси «kontrakt.edu.uz» ва «prof.edu.uz» ахборот тизимлари орқали шакллантирилишни йўлга қўяди.