Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи 2025 йил бошидан Аи-80 бензинини ишлаб чиқаришни тўлиқ тўхтата бошлайди. Бу ҳақда ”Ўзбекнефтгаз“ АЖ бошқаруви раисининг қайта ишлаш бўйича ўринбосари Одил Темиров 14 май куни Тошкентда ўтказилган Энергетика ҳафталиги доирасида Gazeta.uz’га маълум қилди.
”Ўзбекнефтгаз” вакили Франциянинг Axens компанияси билан параллель равишда лойиҳалаштириш ишларини олиб бориш учун унинг технологияларидан фойдаланиш бўйича лицензия шартномаси устида иш бошланганини ҳам айтиб ўтган.
«Улар асосий лойиҳани сентябргача якунлашлари керак. Бунга параллель равишда биз Хитойнинг CNPC (China National Petroleum Corporation, бош пудратчи сифатида танланган) бўлинмаси билан ишлаяпмиз, тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. АИ-80 бензинидан босқичма-босқич воз кечиш ишларини олиб бормоқдамиз. Ноябрь-декабрь ойларида АИ-80 ўрнига АИ-91, АИ-92 ишлаб чиқаришни бошлаймиз, 2025 йил бошидан тўлақонли воз кечиш бошланади», — деган Одил Темиров.