Амударё устидан ўтувчи қўшма кўприкда 7-9 май кунлари автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти хабар берди.
Маълум қилинишича, Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида Қипчоқ – Блокпост станциялари оралиғидаги темирйўл кесишмасини жиҳозлаш бўйича қўшимча ишлар олиб борилади. Шу муносабат билан 2024 йил 7 май куни соат 14:00 дан 2024 йил 9 май соат 14:00 гача қўшма кўприкда автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилади.
Ушбу давр мобайнида автотранспорт воситалари ҳаракати Қипчоқ понтон кўприги орқали амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, 29 феврал куни Президент Амударё устидан қурилган ушбу кўприкни очиб берган эди. Кўприкнинг узунлиги 423 метр. У билан бирга Шовот—Қораўзак бекатларини боғлайдиган 85 километрлик темирйўл ҳамда 3 та вокзал ҳам қурилган.
Бу иншоот самарасида йўлнинг ўтказиш қобилияти 4 баробарга ошиб, бир кеча-кундузда 12 минг автомобил ҳаракатланади. Натижада 48 минг йўловчининг 2 соат вақти тежалади ва дарёдан хавфсиз ўтиши таъминланади.
Маълумот учун, кўприк икки тарафга қараб 24 жуфт поездни ўтказиш имкониятига эга бўлиб, бу орқали темирйўл масофаси 180 километрга, юк ташиш тезлиги эса 6 соатгача қисқаради. Бу эса маҳаллий юкларни ташиш ҳажмини йилига 2 баробарга ошириш, ташиш таннархини 2 баробарга камайтириш имконини беради. Ушбу темирйўл орқали Қозоғистон ва Россияга ҳам янги йўналишлар очилади.