Россия Таълим ва фан вазири Валерий Фальков Ўзбекистонга ташрифи доирасида МИСиСнинг Олмалиқ шаҳридаги филиалида бўлди.
ОТМ 2018 йилдан буён филиал Ўзбекистон кон-металлургия саноати учун юқори малакали кадрлар тайёрлаб келмоқда. Бу ерда 850 дан ортиқ киши таҳсил олади. Олийгоҳ “Олмалиқ КМК”, “Навоий КМК”, «Ўзметкомбинат», «Ўзвтортсветмет» ва бошқалар учун кадрлар тайёрлаб беради.
Вазир бу ерда таълим юқори даражада ташкил этилганини қайд этди.
“Бу менинг Ўзбекистонга биринчи ташрифим ва шуни айтишим мумкинки, бу ерда кўрган Россия ОТМлари филиаллари мукаммал жиҳозланган, кадрлар тайёрлаш жараёни мутахассислар ким ва нима учун тайёрланаётганини яхши тушунган ҳолда ташкил қилинган. Ва энг асосийси бу ушбу ОТМларда мен ўқувчиларнинг ёниб турган кўзларини кўрдим. Азиз дўстлар, бу катта ютуқ, биз бундан буён ҳам фаол ишлашимиз, мамлакатларимизни янада ривожлантириш йўлида билим ва кўникмаларни оширишимиз керак”, — деди Россия Таълим ва фан вазири.
“Филиал фаол ва уйғун ривожланаётганини кўриб турибмиз. – Бу ерда юқори сифатли олий таълим олиш, ёшларни Россия ва Ўзбекистон маданияти ва тарихи ранг-баранглиги, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликнинг барча динамикасини чуқур англаган ҳолда тарбиялаш учун барча имкониятлар яратилган», – деди у.
Ташриф якунида вазир Олмалиқ филиали ҳудудида ўтказилган кўчат ўтқазиш маросимида иштирок этди.