23 апрель куни Термиз шаҳрида “Беларус – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” мултимодал транспорт коридорини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлатларнинг транспорт вазирлиги раҳбарлари иштирок этишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда мазкур мултимодал транспорт коридорини ривожлантириш йўли билан Марказий Осиё ва МДҲга аъзо давлатларни Ўзбекистон орқали Жанубий Осиё мамлакатлари билан боғлаш ва Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини янада ошириш масалалари муҳокама этилди.
Учрашув якуни бўйича томонлар ўртасида йўл харитаси имзоланди. Мазкур йўл харитасида юк ташувларини ривожлантириш бўйича аниқ режаларни амалга ошириш белгиланган. Хусусан, юк таҳлилларини олиб бориш, ташув жараёнида электрон рақамли ҳужжатлардан фойдаланиш, ташув жараёнларини соддалаштириш билан Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон орқали транзит юк ташувларини ошириш кўзда тутилган.
Сўнгги йилларда Афғонистон орқали транзит юк ташиш ҳажми 30 фоиздан ортиқ ошиб, қарийб 1 миллион тоннани ташкил этди. 2021 йилда Ўзбекистон ҳамда Покистон ўртасида транзит савдо тўғрисида битим имзолангандан сўнг икки давлат ўртасида юк ташувлари ҳажми ортиб бормоқда. 2022 йилда икки мамлакат ўртасида Афғонистон орқали юк ташувлари 2021 йилга нисбатан икки ярим баробарга ошиб, 675 минг тоннани ташкил этди. 2024 йилда мазкур коридор орқали Ўзбекистон 1 млн тоннадан ортиқ юк ташишни режалаштирган.