Самарқандда маст ҳолатда бўлган турмуш ўртоғининг қўл-оёқларини арқон билан боғлаб, устига бензин сепиб, тириклайин ёқиб юборган 32 ёшли аёлга суд ҳукми ўқилди.
Суд ҳужжатларида кўрсатилишича, марҳум ва қотилликда айбланган аёл ўртасида тез-тез оилавий жанжал содир бўлиб турган. Судланувчи аёлнинг маълум қилишича, марҳум охирги пайтларда уйга пул олиб келмай қўйган ва аёлини бошқа эркаклар билан гаплашаётганликда айблаган.
Воқеа содир бўлган куни эри аёлини бир шапалоқ ургани учун аёл боласини олиб чиқиб кетиб, уйга спиртли ичимлик билан қайтган. Мастликда шапалоқ зарбидан ғазабланган аёл эрининг қўл-оёқларини боғлаб, танишига бензин буюртма қилган.
Аёл уйда ширакайф ҳолатда ухлаётган эрининг устига бензин сепиб ёқиб юборган.
Суд ҳукмига кўра, аёл ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «в,д,ж» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ЖКнинг 57-моддасини қўллаб 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.