Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу халқаро анжуман “2030 йил: Ўзбекистон ва Тожикистонда олий таълим ва илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” мавзусига бағишланди.
Унда икки томондан 100 га яқин олий таълим муассасалари раҳбарлари, вазирлик ҳамда идоралар масъуллари иштирок этди.
Анжуман ялпи мажлис ва 3 та алоҳида секцияга бўлинган ҳолда олиб борилиб, унда университетларнинг фан ва таълим интеграцияси, илмий тадқиқотлар яқинлашуви борасидаги Ўзбекистон ва Тожикистон тажрибаси муҳокама қилинди ҳамда таълим сифатини таъминлаш, билимларни баҳолаш ва самарали бошқарув масалалари бўйича тажриба алмашилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон олий таълим муассасалари ўртасидаги халқаро алоқалар хусусиятлари бўйича фикрлар тингланиб, ҳамкорликдаги истиқболли режалар кўриб чиқилди.
Форумнинг ялпи мажлис якуни бўйича мамлакатлар олий ўқув юртлари ўртасида 50 дан зиёд битим, англашув меморандуми ва йўл хариталари имзоланди.
Ушбу ҳужжатларда ўқитувчи ва талабаларнинг академик алмашинуви, олий ва профессионал таълимда ўзаро ўқув жараёнларини ташкил қилиш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, тажриба алмашиш ва стажировка ўташ, илмий анжуманлар, диссертациялар ҳимояси бўйича кенгашлар ишида иштирок этиш, икки давлат олимлари томонидан илмий журналларда мақолалар чоп этиш, биргаликда илмий лойиҳаларда иштирок этиш каби йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш кўзда тутилган.
Форум 16 апрель куни Самарқанд шаҳрида ўз ишини давом эттиради.
Маълумот учун: Ўзбекистон-Тожикистон ректорларининг биринчи форуми 2023 йил март ойида ўтказилиб, унда 28 та англашув меморандуми, битим ва «Йўл хариталари» имзоланган эди.