19.5 C
Узбекистан
Суббота, 20 апреля, 2024

Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт кўлами: баҳолаш натижалари ва уни қисқартириш бўйича таклифлар

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,250участниковПодписаться
- Advertisement -

Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиш жараёнида яширин иқтисодиётнинг кўламини қисқартириш доимо долзарб масалалар қаторида бўлиб келган. Яширин иқтисодиёт, ўзининг табиати бўйича, расмий статистикаларда кўрсатилмайдиган ва давлат назоратидан четда қоладиган иқтисодий фаолиятлар йиғиндисидир. Ушбу иқтисодиёт кўлами нафақат солиқ базасининг қисқаришига, балки ижтимоий адолацизлик ва иқтисодий ноаниқликнинг ортишига ҳам олиб келади.

Мазкур тадқиқотда Ўзбекистонда яширин иқтисодиётнинг ҳажми Гутманнинг монетар усули ёрдамида иқтисодиётдаги нақд пул ҳажми ҳамда иқтисодиётнинг долларлашув даражасини инобатга олган ҳолда баҳоланган.

Ма’лумот учун: Гутманнинг монетар усули яширин иқтисодиётни баҳолашда нақд пул талаби ёндашуви ҳисобланади. Нақд пул усуллари Каган (1958), Гутман (1977) ва Танзи (1980, 1983) томонидан ишлаб чиқилган. Ушбу алоҳида ёндашув иқтисодчилар орасида бир нечта кўрсаткичли бир нечта сабаблар (МИМИC) усули ёки электр энергияси истеъмоли усули каби бошқа усуллар билан биргаликда қўлланилиб келинади.

Ўтган йиллар давомида бу ёндашув асосан ривожланган мамлакатларда норасмий иқтисодиётни баҳолашда кенг қўлланилган, масалан, АҚШ учун Танзи [1], Норвегия учун Шима [2], Норвегия ва Швеция учун Кловланд [3], Италия учун Бови ва Кастеллучи [4], Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОЕCД) мамлакатлари учун Бови ва ДеллъАнно [5] томонидан қўлланилган. Яқинда олиб борилган тадқиқотлар Мексика учун Брамбила ва Cаззавилан [6], Перу учун Эрнандес [7], Осиё-Тинч океани мамлакатлари учун Шнайдер ва Бажада [8], Жанубий Африка учун Колоане ва Бодҳлера [9], Полша учун Дйбка ва бошқалар [10], Руминия учун ДеллъАнно ва Давидесcу [11], Болгария учун Аҳумада ва бошқалар [12] ва Петранов ва бошқалар [13], Малайзия учун Хон [14].

Яширин иқтисодиёт кўлами. 2005-2022 йилларда яширин иқтисодиёт ҳажми 31 фоиздан 53 фоизгача етган. 2017 йилда мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар доирасида пул-кредит ва валюта сиёсатининг эркинлаштирилиши натижасида нақд пул ҳамда валюта олди-сотдиси билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди. Бу ўз навбатида иқтисодиётда нақд пул ҳажмининг ошишига таъсир қилиб, яширин иқтисодиёт кўламини расмий иқтисодиётга нисбатан салкам 59 фоизгача ошишига олиб келди. Лекин, кейинги йилларда муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар сонининг сезиларли даражада кўпайиши натижасида нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг ривожланиши, шунингдек, солиқ ислоҳотларининг амалга оширилиши яширин иқтисодиёт ҳажмининг 2018 йилдаги 55 фоиздан 2021 йилда
42 фоизгача камайишига хизмат қилди.

2022 йил 1-январ ҳолатига кўра, муомаладаги банк карталари сони 2018 йилнинг 1-январ ҳолатидагига нисбатан 1,4 баробарга, ўрнатилган тўлов терминаллари сони 1,8 баробарга, банкомат ва инфокиосклар сони 2,3 баробарга кўпайди. 2021 йилда тўлов терминаллари орқали келиб тушган тушумлар 178 трлн. сўмни ташкил қилиб, 2017 йилдагига нисбатан 2,1 баробарга ошди.

Нақд пул ва долларшув даражасининг яширин иқтисодиётга таъсири.
2022 йилда Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг кескин даражада ошиб кетиши натижасида иқтисодиётда нақд пул массаси кўпайди. 2022 йилда муомаладаги нақд пул массасининг ўртача миқдори 2021 йилдагига нисбатан 43,5 фоизга ошиши натижасида яширин иқтисодиёт ҳажми 53 фоизгача кўпайди. Мазкур даврда нақд пул ҳажмининг кўпайиши бир томондан аҳоли томонидан тижорат банкларига сотилган чет эл валюталари миқдорининг 2021 йилдагига нисбатан 1,7 баробар ошгани билан боғлиқ бўлса, бошқа томондан Россия-Украина можароси туфайли юзага келган ноаниқликлар реал секторда нақд пулга бўлган талабнинг ошишига олиб келди.
Муомаладаги нақд пул миқдори

Иқтисодиётда долларлашув даражасининг юқорилиги сақланиб қолаётган шароитда миллий валюта билан биргаликда нақд чет эл валюталаридан (АҚШ доллари ва евро) ҳам алмашув воситаси сифатида фойдаланилиши яширин иқтисодиёт кўламининг ЯИМга нисбатан 50 фоиз атрофида сақланиб қолишига хизмат қилмоқда. Тижорат банклари томонидан жисмоний шахслардан сотиб олинган чет эл валютаси ҳажми йилдан йилга ортиб бораётган бўлсада, халқаро пул ўтказмалари орқали келиб тушган валюталарнинг катта қисми аҳолининг қўлида сақланиб қолмоқда.
2020 йилда Ўзбекистонга пул ўтказмалари миқдори 6 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, тижорат банклари томонидан аҳолидан 4,6 млрд. АҚШ доллари миқдорида валюта сотиб олинган бўлса, аҳолига сотилган валюта миқдори 4,13 млрд. АҚШ долларини ташкил этган (аҳоли қўлида қолган миқдор – 5,5 млрд. АҚШ доллари).

2021 йилда пул ўтказмалари миқдори 8,1 млрд. АҚШ долларига етган бўлса, аҳолидан сотиб олинган валюта ҳажми 7,1 млрд. АҚШ долларини ва аҳолига сотилган валюта миқдори 4,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этган (аҳоли қўлида қолган миқдор – 5,6 млрд. АҚШ доллари). Ушбу кўрсаткичлар 2022 йилда мос равишда 16,9 млрд. АҚШ доллари, 11,9 млрд. АҚШ доллари ва 8,9 млрд. АҚШ долларини (аҳоли қўлида қолган миқдор – 14 млрд. АҚШ доллари) ташкил қилган.
2020-2022 йилларда пул ўтказмалари ҳамда аҳолидан сотиб олинган ва уларга сотилган чет эл валютаси ҳажми

Бу эса иқтисодиётдаги нақд чет эл валютаси миқдори йилдан йилга ортиб бораётганидан далолат беради. Таъкидлаш керакки, ривожланаётган мамлакатларда яширин иқтисодиётда уй-жой олди-сотди операциялари, автомобил, маиший ва электрон техникалар савдоларининг катта қисми, ҳатто айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг улгуржи савдоси чет эл валютасида амалга ошириб келинади.

Яширин иқтисодиёт кўламини қисқартиришнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги аҳамияти. Яширин иқтисодиётдан давлат бюджетига тушмаган маблағлар (солиқ юки ЯИМга нисбатан 18 фоиз ҳисобланганда) 2019 йилда 51 трлн. сўм (бюджет дефицити – 13,5 трлн. сўм), 2020 йилда 57 трлн. сўм (17 трлн. сўм), 2021 йилда 58 трлн. сўм (40,7 трлн. сўм) ва 2022 йилда 85 трлн. сўм (35,3 трлн. сўм) бўлганлиги баҳоланди.
Яширин иқтисодиётдан давлат бюджетига тушмаган маблағлар, трлн. сўмда
(Солиқ юки ЯИМга нисбатан 18 фоиз ҳисобланганда)

Агар 2022 йилда яширин иқтисодиётдан давлат бюджетига тушмай қолган 85 трлн. сўм маблағнинг ярми (42,5 трлн. сўм) ижтимоий соҳани ривожлантиришга сарфланганда:
мактабларда қўшимча 2,1 миллион ўқувчи ўрни яратиш;
касалхоналарда қўшимча 10 000 та ётоқ ўрни ташкил қилиш;
50 та тез ёрдам автомобилини сотиб олиш;
бир йил давомида 293 минг нафар шифокорнинг ойлик маошини тўлаб бериш имконияти яратилган бўларди.

Бугунги кунда республикада кузатилаётган юқори туғилиш кўрсаткичи яқин келажакда ижтимоий соҳа обектларига жуда катта босим ўтказиши кутилмоқда. Бу мактабларда қўшимча ўқувчи ўринларини ва касалхоналарда ётоқ ўринларини ташкил этишни талаб этади. Кутилаётган аҳоли прогнозларига кўра, 2030 йилгача ҳар йили касалхоналардаги ётоқ ўрнини 3700 тага ошириш зарурати туғилмоқда.

Бюджетлаштириш жараёнларида шаффофлик, бевосита иштирок этиш ҳамда ижтимоий масъулиятни ошириш. Солиқлар нимага сарфланиши доимий эслатиб бориш аҳоли орасида солиқ тўлаш маданиятини оммалаштириш ҳамда ижтимоий масъулиятни оширишга ҳисса қўшади. Бюджет харажатлари ва солиқ тўловлари бўйича самарали мулоқот давлат ва ташкилий жараёнларда шаффофлик, ҳисобдорлик ва жамоатчилик ишончини ошириш учун жуда муҳимдир.

Фуқароларни бюджетни тақсимлаш бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнига жалб қилувчи ташаббусли бюджет лойиҳаси самарали коммуникация тизими инструментларидан бири ҳисобланади.
Ташаббусли бюджет дастури доирасида 2023 йилнинг 2 мавсумида республика бўйича фуқаролардан 105 434 та ташаббус келиб тушган бўлиб, шундан 4193 та ташаббус ғолиб деб топилган. Икки мавсумда ҳам ички йўлларни таъмирлаш (1-мавсумда 21 фоиз ва 2-мавсумда 37,4 фоиз), умумтаълим мактаблари (46,6 ва 20,6 фоиз) ва соғлиқни сақлаш муассасаларини (12,7 ва 18,3 фоиз) та’мирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга талаб юқорилиги аниқланди.

Жанубий Корея тажрибаси. Жанубий Кореяда солиқ тўловчилар кунини нишонлаш йўлга қўйилган бўлиб, унда жисмоний шахслар ва компаниялар “намунали солиқ тўловчи” бўлгани учун Президентнинг мақтовига сазовор бўлади.

Солиқ органи ҳар йили намунали солиқ тўловчи сифатида танлаб олинган намунали солиқ тўловчилар гуруҳидан таниқли шахсларни солиқ элчиси қилиб тайинлайди. Бу тадбирлар аҳоли орасида солиқ тўлаш маданиятини ошириш учун хизмат қилади. Масалан, 2020 ва 2021 йилларда актёрлар Ли Сео Жин ва Парк Мин Ёнг солиқ элчиси этиб тайинланган. Уларнинг иккаласи ҳам Президентнинг мақтов мукофотига сазовор бўлган.

Достон Жалилов,
МҲТИ етакчи илмий ходими
Муҳаббат Аҳмедова,
МҲТИ лойиҳа раҳбари

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси ХНИ йиғилишида тақдимот билан иштирок этди

Айни кунларда Доминика Республикасининг Пунта Кана шаҳрида Халқаро Нотариуслар Иттифоқининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Мазкур йиғилишда Халқаро нотариуслар иттифоқи Президенти...

Больше похожих статей

×