Бугун эрталаб қалин туман Фарғона, Наманган ва Самарқанд аэропортларида рейсларнинг қўниши ва учишини чеклаб қўйди. Бу ҳақда «Uzbekistan airports» хабар бермоқда.
Иркутск – Фарғона йўналиши бўйича «SBI-6323» рейсини амалга ошираётган «S7 Airlines» самолёти белгиланган аэропортдаги ноқулай об-ҳаво шароити (туман, кўриш масофаси 50 м) туфайли кеча тунда маҳаллий вақт билан соат 23:27 да Наманган аэропортидаги муқобил аэродромга қўнган. Ичидаги 177 нафар йўловчи Фарғонага ер усти транспорти орқали етказилади.
Соат 00:10 дан бошлаб Наманган аэропортини туман қоплаб, кўриш масофаси пасайигани сабабли самолётларни қабул қилишда вақтинчалик чекловлар жорий этилган.
Шунингдек, кечқурунги қалин туман туфайли фаолияти чекланган Самарқанд халқаро аэропорти эрталабдан иш бошлади.