Тошкент шаҳрининг бош режасини ишлаб чиқиш учун пойтахт маҳаллий бюджетидан 40 миллиард сўм ажратилади. Халқ депутатлари шаҳар кенгаши 2023 йил 4 декабрда ушбу молиялаштиришни тасдиқлади.
Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқовнинг жорий йил 10 июлдаги қарорида ҳокимлик ва “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК ўртасида тўғридан-тўғри шартнома тузилган. Унга кўра, биринчи босқичда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 40 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.
“Янги Тошкент”нинг бош режасини инобатга олган ҳолда, лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва хорижий лойиҳа компанияларини танлаш бўйича тендер ташкил этиш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.
Кенгаш вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, хўжалик бирлашмалари, банклар ва дирекцияларнинг ишини мувофиқлаштиради ва вазифаларини белгилайди, инвесторларнинг лойиҳа таклифларини кўриб чиқади ва “Янги Тошкент” бош режасини тасдиқлайди. Унга ўзгартиришлар киритади, шунингдек, ер участкаларини босқичма-босқич ўзлаштириш масалаларини кўриб чиқади ва кимошди савдосига қўйиладиган ер участкаларининг дастлабки қийматини белгилайди. Бундан ташқари, орган тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали лойиҳа-пудрат ташкилотлари ва бошқа мутахассисларни жалб қилиш имкониятига эга бўлади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 19 минг 720 гектар ер танлаб олинган. Биринчи босқичда 2,5 минг гектарда 100 минг аҳоли учун уй-жойлар ва инфратузилма объектлари қуриш режалаштирилган.
Янги Тошкент “ақлли” ва “боғ шаҳар” бўлиши назарда тутилмоқда. Маъмурий марказда давлат идоралари, Янги Ўзбекистон университети, кутубхона, Тарих музейи, маданият саройлари жойлашади. Шунингдек, шаҳарда ишбилармонлик ва инновация туманлари, таълим, тиббиёт ва туризм кластерлари бўлади.
420 гектар майдонда марказий боғ, мавзелар орасида сунъий канал ва кўллар, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари бўйида сайилгоҳлар ташкил қилиниб, одамларнинг дам олиши учун сўлим шароитлар яратилади. “Тошкентнинг яшил белбоғи” лойиҳаси шу жойдан бошланади.