Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан жойларда “Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари ҳамда тегишли вазирлик ва идора вакилларидан ташкил топган Республика ишчи гуруҳи бошчилигида шундай эзгу ишлар Тошкент вилоятида ҳам олиб борилмоқда.
Ўтган икки ярим ой мобайнида Тошкент вилояти бўйича танланган 4 та “оғир” маҳаллада – Пискент туманидаги “Сувти”, Бекобод туманидаги “Хонобод”, Оққўрғон туманидаги “Бойғулли” ва Қуйичирчиқ туманидаги “Кўксарой” МФЙларда 41 та кўчада бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Дастурга кўра 966 та ўта оғир шароитда яшаётган фуқароларнинг турар жойлари капитал таъмирлаб берилди. Маҳаллаларда 5,8 км йўл шағал ётқизилди, 3 772 м2 пиёда йўлаклари қурилди. Беш километрга яқин узунликдаги янги электр тармоғи тортилди, 253 дона ёритиш чироқлари ўрнатилди, 2 та янги трансформатор ўрнатилиб, 11 таси капитал таъмирланди, 1 мингдан зиёд симёғоч устунларни бетон устунларга алмаштирилди, 82 та янги қўшимча темир-бетон устунлар ўрнатилди.
Газ таъминотини яхшилаш мақсадида 12 та газ тақсимлаш пункти, 35,2 км газ тармоғи таъмирланди. Аҳоли талабидан келиб чиққан ҳолда хонадонларга қўшимча 126 та суюлтирилган газ баллонлари, 12 тонна кўмир етказиб берилди.
Аҳолининг ёрдамга муҳтож қатлами ижтимоий ҳамда тиббий муҳофазаси масалалари ҳам Республика ишчи гуруҳи эътибори марказида бўлди. Хусусан, 289 нафарини доимий иш жойи билан таъминлашда, 36 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишида, 26 нафарига эса 625 млн. сўм имтиёзли кредит олишига кўмаклашилди. “Темир дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтари”даги 80 га яқин фуқарога 100 млн. сўмдан зиёд турли моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Шу билан бирга 10 мингга яқин фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижасига кўра 47 нафарига даволаниш учун бепул ордер берилди ва шифохонага жойлаштирилди, 500 га яқин фуқаро бепул дори-дармон воситалари билан таъминланди.
Маҳаллаларда маънавий-маърифий муҳитни соғломлаштириш мақсадида ҳам турли ҳил тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам олиб борилди. Хонадон маданиятини юксалтириш, оилаларда фарзанд тарбияси, китобхонликни тарғиб қилиш, спорт тадбирлари, “Уч авлод учрашувлари” каби юздан зиёд тадбирлар шулар жумласидан.
Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.