Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рауга ишонч ёрлиқларининг нусхаларини топширди.
Учрашув давомида Польша ташқи ишлар вазири 2022 йил июнь ойида Тошкент ва Самарқандга ташрифини ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокараларни самимият билан ёдга олди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Польша ҳамкорлиги, айниқса, савдо-иқтисодий соҳада сезиларли даражада мустаҳкамланиб, янги ва амалий мазмун билан тўлдирилгани алоҳида қайд этилди. Польша ишбилармон доираларининг ўзбекистонлик шериклар билан алоқаларни ривожлантиришга қизиқиши ортиб бормоқда.
Польша ташқи ишлар вазирлиги раҳбари тўқимачилик саноатидаги ҳамкорлик истиқболларини юқори баҳолар экан, Ўзбекистондан Польшага ярим тайёр ва тайёр енгил саноат маҳсулотлари экспортини ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёр эканлигини маълум қилди.
Польша ва Ўзбекистон яқин маданий-гуманитар алоқаларга эга эканлиги, 2024 йил февралидан Варшава–Тошкент–Варшава йўналиши бўйича мунтазам тўғридан-тўғри ҳаво қатновларининг йўлга қўйилиши полшалик сайёҳлар сонининг кўпайишига ва ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз: элчи Амирсаид Аъзамхўжаев 7 ноябрда Варшавага келган. Бунга қадар у Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик ва юридик бўлимида ишлаган, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги консули, 2020 йилдан Бош консуллик раҳбари бўлган. У 38 ёшда. Тошкент Давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган.
Амирсаид Аъзамхўжаев 2015 йилдан муваққат ишлар вакили, 2019 йил май ойидан бошлаб Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва Мухтор элчиси сифатида Варшавадаги дипломатик миссия раҳбари бўлиб ишлаган Баҳром Бобоев ўрнига тайинланган.