EF Education First томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон инглиз тилини «жуда паст даражада ўзлаштирган» мамлакатлар қаторидан жой олди.
Тадқиқотда айтилишича, 2023 йилги рейтингда Ўзбекистон 113 та мамлакат ичида 93-ўринни эгаллаган ва инглиз тилини билиш даражаси бўйича Фаластин, Сенегал ва Камерун каби давлатлар орасидан жой олган.
Рейтингда энг яхши кўрсаткични Нидерландия, Сингапур ва Австрия қайд этган. Шунингдек, Дания, Норвегия, Швеция, Белгия, Португалия, Жанубий Африка, Германия, Хорватия ва Грецияда бу тилни билиш даражаси «жуда юқори» сифатида баҳоланган.
Шаҳарлараро рейтингда Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри ҳам қайд этилган бўлиб, инглиз тилини билиш даражаси «жуда паст» сифатида баҳоланган. «Жуда юқори» натижа Амстердам (Нидерландия), Вена (Австрия) ва Копенҳаген (Дания) шаҳарларида кузатилган.
Ўзбекистон рейтингда иштирок этган Осиёнинг 23 та давлати орасида 19-ўринда бормоқда ва Мўғулистон, Афғонистон, Мянмар каби давлатлардан паст даражада турибди.