Банк назорати қўмитаси томонидан Марказий банкнинг назоратга доир вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йилнинг сентябрь ойидаги йиғилишларида қоидабузарликлар содир этган қатор тижорат банклари oгоҳлантирилди.
Қайд этилишича, ўтган ойда битта тижорат банки ва битта тўлов ташкилотининг айрим операцияларини амалга оширишига чеклов ўрнатилган ҳамда 13 та тижорат банки фаолиятида қоидабузарликлар аниқлангани сабабли чора ва санкциялар қўлланиши тўғрисида огоҳлантирилган.
Шунингдек, 6 та тижорат банкига нисбатан жарима чораси қўлланган ҳамда устав капитали қонунчилик талабларига мувофиқ шакллантирилмагани муносабати билан битта тижорат банкининг актив ва пассив операцияларини тўхтатиш ҳамда тўртта тўлов ташкилотидан фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияларини чақириб олиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
“Тижорат банклари бошқарувлари зиммасига аниқланган камчиликларни бартараф этиш, эҳтимолий йўқотишларга қарши захираларни яратиш, шунингдек, Марказий банк томонидан ўрнатилган пруденсиал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф қилиш ва молиявий ҳолатни соғломлаштириш билан боғлиқ талабларга риоя этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди ва вазифалар юклатилди”, дейилади хабарда.