Шароф Рашидов умр бўйи ўз халқига, барча соф ниятли инсонларга яхшилик қилиб, уларни улуғ мақсадлар йўлида бирлаштириб, эзгу ишларга сафарбар этиб яшади.
Бу олижаноб, донишманд ва бағрикенг инсон, қандай суронли синовларга дуч келган бўлмасин, юксак гуманистик ғояларга доимо содиқ бўлиб, халқимиз қалбида яхши ном, сўнмас хотира қолдирди.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Яқинда атоқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси Оқил Умурзоқович Салимов, биз билан бўлган суҳбатда, шундай деб таъкидлади:
“Сўнгги йиллардаги улкан ислоҳотларнинг гувоҳи сифатида Ўзбекистонни чорак аср бошқарган атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли ёзувчи ҳамда истеъдодли шоир, оташин публицист Шароф Рашидович Рашидов ёдимга тушади…
Қайд этиш керакки, ўз вақтида республикага кўп йиллик раҳбарлик қилган Усмон Юсуповнинг эътибори Иккинчи жаҳон урушининг жанг майдонларидан ярадор ҳолда қайтган ёш йигит Шароф Рашидовга тушган ва вақт ўтиб, бу йигит зиммасига Ўзбекистон раҳбари бўлиш ҳамда мамлакатни донолик билан бошқариш тақдири битилганди…
Йиллар ўтди, Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидовнинг нигоҳи Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ёш талабаси, сўнгра аспиранти Шавкат Мирзиёевга тушди. Улар икки маротаба учрашишган. Шароф Рашидович ўшанда ҳозирда жаҳон жамоатчилиги томонидан Ўзбекистон халқининг тан олинган етакчисига, ёш мутахассисга муваффақиятлар тилади. Шароф Рашидов ва Шавкат Мирзиёев каби кишиларни халқимизда “назаркарда” – Худонинг марҳаматига ва паноҳига сазовор бўлган инсон деб аташади.
Бундай одамлар ва уларнинг сафдошларига ҳар доим бахт, соғ-саломатлик ва омад ёр бўлади”.
Дарҳақиқат, Шароф Рашидович шундай улуғ, атоқли алломамиз таъкидлагандай “назаркарда” – Ҳазрати инсон эдилар. Яқинда у кишининг вафотига 40 йил тўлади. Шунга қарамай, у кишига бўлган халқимизнинг меҳр-муҳаббати, тарихчилар, ёзувчилар, шоирлар, киночилар, барча ижодкорларнинг қизиқиши, эътибори катта. Куни-кеча, Президентимиз ташаббуси билан яратилган ва томошабинлар эътиборига ҳавола қилинган “Абдулла Орипов” номли бадиий фильм бунга ёрқин мисолдир…
Маълумки, Шароф Рашидов ҳақида юзлаб мақолалар ёзилган, теле ва радиоэшиттиришлар берилган, ўнлаб нуфузли китоблар чоп этилган. Чунончи, тарих фанлари доктори С.Ризаев, ёзувчи Ф.Раззоқов, сиёсатшунослик фанлари доктори Т.Алимардонов, тарихчи Ш.Эргашев, Ш.Р.Рашидовнинг укаси – филология фанлари доктори, профессор А.Рашидов, Ш.Р.Рашидовнинг қизлари – геология-минералогия фанлари номзоди Г.Рашидова ва набиралари – иқтисодиёт фанлари доктори Д.Комилов томонидан тегишли китоблар, Ш.Р.Рашидовнинг қизлари С.Рашидова, Г.Рашидова ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ш.Жабборов томонидан “Халқимизнинг оташқалб фарзанди” хотиралар тўплами чоп этилган. Яқинда эса таниқли ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошевнинг ”Шараф йўли” романи, истеъдодли шоира Сайёра Тўйчиеванинг “Шарофнома” достони чоп этилди.
Кўплаб ёзувчилар, шоирлар, журналистлар, тарихчилар ҳаракати билан яратилаётган рашидовшуносликка, ватандошимиз – Ўзбекистон ва Белоруссия Ёзувчилар уюшмалари аъзоси Исмат Кўчиевнинг “Бунёдкор” («Исмат Кучиев. Шараф Рашидов: Созидатель. Минск. Альфа-книга». 2022) китоби ҳам салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди. Китоб 2022 йилда чоп этилган бўлиб, рус тилида эълон қилинган. Бу китобхонлар доирасини анча торайтирган эди. Куни-кеча эса, “Бунёдкор” китоби, Шароф Рашидов вафотининг 40 йиллиги арафасида ўзбек тилида чоп этилди (Исмат Кўчиев. Шароф Рашидов: Бунёдкор. “Маънавият”. Тошкент. 2023 й.) Таржимани профессор Шавкат Махматмуродов амалга оширган.
Ушбу китобнинг чоп этилиши Шароф Рашидовнинг яқинлари, сафдошлари, Янги Ўзбекистон қурувчилари, Учинчи Ренессанс асосларини яратаётганларга яқин ўтмишга бир назар ташлаш учун яна бир имконият берди.
Китоб ҳақида Белоруссия Фанлар миллий академияси Янка Купала номидаги Адабиётшунослик институтининг директори, филология фанлари доктори, профессор Иван Саверченко таъкидлашича, ўз вақтида, Шароф Рашидовнинг китоблари ортиқча шовшувсиз нашр этиб туриларди. Эндиликда эса, Исмат Раҳматович Кўчиевнинг тадқиқотлари туфайли, Ш.Рашидовнинг бадиий ижоди ортиқча овоза қилинмаганлиги, муаллифнинг ниҳоятда камтарлиги сабабли бўлганлигини тушунмоқдамиз. Шароф Рашидов бунга йўл қўймаган, чунки ўша пайтда Ўзбекистонда энг юқори бўлган лавозимни эгаллаб турган. Зеро, бу лавозим, унинг назарида нафақат энг юқори, балки энг масъулиятли бўлган. Халқ олдидаги улкан масъулият эса, ўз ижодини кўз-кўз қилишга йўл қўймас эди.
Айнан ушбу улкан инсоний камтарлик оқибатида, биз Шароф Рашидовнинг адабий асарларига ўз вақтида муносиб, етарлича баҳо бермай, унинг ёзувчилигига фақат сиёсий портретини шунчаки тўлдирувчи қўшимча сифатида қараб келдик.
Аввалроқ, Исмат Кўчиев Ш.Рашидов-сиёсатчи ҳақида “Шароф Рашидов: Ғолиб” китобини чоп эттирган эди. “Бунёдкор” китоби билан Исмат Кўчиев, замондошларга, шунингдек, Ш.Рашидов-ёзувчини намоён этишни лозим топди. Шундай қилиб, “Шароф Рашидов: Бунёдкор” китоби яратилиб, аввалги асар билан бирга ўзига хос дилогияни ташкил этди.
Шуни қайд этиш керакки, Исмат Кўчиевнинг янги асарида Ш.Рашидов нафақат ёзувчи сифатида, балки эгаллаб турган лавозимидан туриб, ўзбек адабиёти, санъати ва маданиятини ривожлантиришга қаратилган ишларни қўллаб-қувватловчи атоқли давлат арбоби сифатида намоён бўлади… Дарҳақиқат, ижодкор, бунёдкор одам қайси йўналиш, қайси соҳада иш олиб боришидан қатъий назар, ўз истеъдоди улуғлигини айнан замондошлар муваффақиятларига бўлган муносабати билан исбот қилади…
Исмат Кўчиев ёзувчи Ш.Рашидов асарлари хусусиятлари ҳақида сўз юритиб, уларни шунчаки санаб ўтмайди, балки уларни тўлалигича китобхон ҳукмига ҳавола қилади.
“Энг асосий хусусият ва гўзалликларни қайд этиб, Исмат Кўчиев йўл кўрсатувчи сифатида ўқувчини Шароф Рашидов ижоди билан таништириб боради. Ўйлайманки, ёзувчи ижодини бундай йўсинда кўрсатиш, мен каби, адабиёт ҳақиқий ошиғлари эътиборини, албатта ўзига тортади. Яна менда шундай катта ишонч борки, айнан шундай саҳийлик билан одамларга бошқа халқлар маданият хазинасини очиб берадиган асарлар, ҳамма нарсадан кўпроқ жаҳонда тинчлик барқарор бўлиши учун хизмат қилади. Бу эса адоват ва муросасизлик, уруш ва азоб-уқубатлардан чарчаган инсониятнинг энг эзгу орзу-умидидир”, – дейди профессор Иван Саверченко.
Бу сўзлар, албатта, китоб муаллифи Исмат Кўчиев ва унинг асари қаҳрамони – атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли шоир ва ёзувчи, оташин публицист бўлган Шароф Рашидов учун кўнглимизни фахрланиш туйғусига тўлдиради.
“Шароф Рашидов: Бунёдкор” китоби қуйидаги боблардан иборатдир:
Кириш ………………………………………………………………………………………………………….
Бахт манбалари ҳақида мулоҳазалар ………………………………………………………………
Туйғулар тарбияси ………………………………………………………………………………………..
Дўстлик… муҳаббат… яратувчанлик руҳи ……………………………………………………..
«Кашмир қўшиғи»нинг мангу ҳақиқатлари …………………………………………………….
Ўзбек маърифатпарвари ………………………………………………………………………………..
Хотима ……………………………………………………
Китоб боблари номларини ўзиёқ, Шароф Рашидовнинг Ўзбекистон раҳбари, сиёсатчи ва ижодкор сифатидаги кўпқиррали фаолиятини яққол кўрсатиб турибди.
Шу ўринда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнннг “Шароф Рашидовни адабиётимизда ўз услуби, ўз тили, ўз йўлига эга бўлган улкан реалист ёзувчи сифатида яхши биламиз. Унинг романларида чуқур реалистик тасвир тиниқ лиризм билан, лиризм эса жўшқин публицистик руҳ билан йўғрилиб кетади”, – деб ёзганини эслаб ўтиш ўринлидир деб ўйлайман.
“Кашмир қўшиғи”нинг абадий ҳақиқатлари” бобида Исмат Кўчиев ажойиб асар ҳақида фикр юритар экан, бир пайтлар шўролар тузими давридаги воқеаларни эслайди…
Маълумки, ўз вақтида совет раҳбариятига зиёлилар кўп ташвиш келтирар эди. Зеро, бу шундай куч эдики, у жамиятга мавжуд тузумни ўзгартириш лозимлиги эканлигини кўрсата олар эди. Шунинг учун ҳокимият тепасидагилар, иикинчи жаҳон уруши вақтида зиёлилар устидан суст олиб борилган мафкуравий ва сиёсий назоратни, кучайтиришга қарор қилдилар. 1946 йилнинг бошидан кенг миқёсда мафкуравий ҳужум бошланди. У гўёки капиталистик турмуш тарзини мақтаб, Ғарб олдида таъзим қилиб турадиган шахсларга қаратилган эди.
Коммунистик мафкура қолипларига тўғри келмайдиган ҳар қандай тафаккур, фикр юритиш, совет фуқаросига ёт, бузғунчи, буржуа мафкураси ҳисобланар эди.
Урушдан кейин, Ўзбекистонда, собиқ иттифоқ бошқа республикаларидагидек, қатағон янги тўлқини бошланди. Агар 30-йилларда партия, давлат, хўжалик ва ҳарбий кадрлар қатағонга учраган бўлса, 40-50-йиллар қатағони маданият ва илм-фан арбобларига қарши қаратилди.
Мумтоз ва миллий мусиқа, мақомларни кенг тарғиб қилиш тақиқланди. Матбуотда миллатчи, космополит, пантуркчилар деб аталадиганларга қарши кенг кураш авж олди.
Ўз вақтида Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати “Тоталитар тузум вақтида бизнинг минглаб бегуноҳ ватандошларимиз қатағонга учраган эдилар. 1937-1953 йилларда Ўзбекистонда 100 минг киши шафқатсизларча қатағон қилинган, 13 минг киши эса отиб ташланган эди. Кўплаб оилалар хонавайрон бўлди, болалар эса етим бўлиб қолди.”, деб қайд этган эди.
Шуларни ҳисобга олиб, давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев тегишли мутасаддиларга 100 минг кишининг ҳар бири бўйича тадқиқот ўтказиш, уларнинг қариндошлари билан учрашиб, тарихини аниқлаш, фаолиятлари бўйича китоблар чоп этиш, маҳалла ва мактабларга номларини бериб, хотираларини абадийлаштириш тўғрисида топшириқ берди…
Исмат Кўчиев қатағонлар даврини эслар экан, Шароф Рашидов қўлидан келганча тегишли мақолалар ёзиб, турли минбарларда сўзга чиқиб, қатор адибларимизни ҳимоя қилганлигини аниқ далиллар билан кўрсатиб беради.
“Ўзбек маърифатпарвари” бобида муаллиф Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ғояси, ташаббуси ва фаол иштироки билан мамлакатимизда учинчи Ренессанс асосларини яратиш бўйича иш кетаётганлиги ва бир пайт Шароф Рашидов ушбу кунлар тезроқ келиши учун ҳаракат қилганлиги, Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоийдан сабоқ олиб, юртимизда кўплаб истеъдодлар гуркираб ўсишига шароит яратиб берганлиги ва бугунги кунда Ўзбекистонда ушбу анъаналар давом этаётганлиги ҳақида сўз юритади.
Китобда Шароф Рашидовнинг бевосита ташаббуси ва иштироки билан Осиё ва Африка ёзувчилар халқаро конференцияси, Осиё, Африка ва Лотин Америкаси Тошкент халқаро кинофестиваллари ўтказилиши, Тошкентни зилзиладан кейин тикланиши учун қилинган улкан ишлар, Самарқанднинг 2500 йиллигини нишонлаши бўйича ишларга кенг ўрин берилган.
Шунингдек, мақомни, Ўзбекистон анъанавий санъат тури сифатида очиқ ҳолатга ўтказиш, Ўзбекистон тарихий ўтмишини омма орасида кенг тарғиб қилиш, ўзбек ёзувчиларини Шароф Рашидович томонидан шахсан қўллаб-қувватланиши, миллий кинематографияни ривожлантириш, халқимизда зиёлиликни тарбиялаш бўйича республикада кенг қамровли олиб борилган ишлар китобда кенг ёритилган.
Исмат Кўчиев ушбу китобни ёзишда ўз олдига филолог сифатида жаҳон миқёсида Шароф Рашидовни атоқли ёзувчи сифатида шарафлашга ўз ҳиссасини қўшиш, шунингдек, Шароф Рашидов қандай қилиб, ўз ватандошларини ажойиб асарлари билан тарбиялашга, одамлар руҳини кўтариб, Ўзбекистонда меҳнаткаш, янгиликка интилувчан, ҳақиқатпарвар одамларни етиштиришга эришганлигини кўрсатиб беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Зеро, шу ватанпарвар кишилар Ўзбекистонни бугунги юксак марраларни забт этишига улкан ҳисса қўшишган. Ўйлашимизча, муаллиф ўз олдига қўйган мақсадига тўла эришган…
Китобни ўқир эканман, Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги сатрлари эсимга тушади:
Борингизда бизга бўлдингиз Ота,
Йўғингизда йўқдан қидирдик хато.
Беайб Парвардигор дейдилар, ҳатто,
Биздан рози бўлинг, руҳи нотинч зот.
Ҳали тупроғингиз совимай туриб,
Руҳингиз йиғлатдик қабрингиз суриб,
Чиғатой томонга кетдингиз юриб,
Биздан рози бўлинг, руҳи нотинч зот.
Қабр учун дилдан жой топганлар бошқа,
Қул бўлиб шоҳ қўлин ўпганлар бошқа,
Ўлганнинг устидан тепганлар бошқа,
Биздан рози бўлинг, руҳи нотинч зот.
Шароф Рашидович Рашидовнинг вафотига 40 йил тўлмоқда. Шу муносабат билан китоб муаллифи асар охирида қуйидаги ёзган сўзлари ниҳоятда ўринли бўлган деб ҳисоблайман. И.Кўчиев шундай деб ёзган:
“Шароф Рашидович Рашидовнинг ёрқин хотираси олдида айни дамда
тавба қилиши керак бўлган талай одамлар бор, деб ҳисоблайман. Унинг
издошлари ва яқин одамларининг ҳаётини заҳарлаганлари учун! Унинг
самимиятига, ўй-ниятларининг тозалилига шубҳа қилганликлари учун! У яратган хайрли ишларга бузғунчилар каби қўл кўтарганликлари учун! Вафотидан кейин хоки туроби ҳақоратланишига йўл қўйганликлари учун! Маърифатпарвар ва Бунёдкорнинг шаъни ва қадр-қимматини ерга урадиган мақолалар ва китоблар шу пайтгача чиқаётгани учун! Ҳақиқатдан ҳам кўнгли тоза одамдан ҳамда унинг хотираси ва ишларига садоқат ва содиқлиги учун азият чекканлардан самимий узр сўраш вақти келди!
Мен эса… Башарти менинг китобим ҳақиқатга, ўзлиги сари йўл топишда кимгадир ёрдам берса, беҳад хурсанд бўлардим.”
Исмат Кўчиевнинг “Шароф Рашидов: Бунёдкор” асари Янги Ўзбекистонни қуриш ва III Ренессанс асосларини яратиш, кучли маънавият эгалари бўлган инсонларни тарбиялаш ишига шубҳасиз салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Носир ТОИРОВ,
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси