Шу кунларда Фарғона шаҳрида жамоат транспорти тизимини ривожлантириш учун Хитойдан янги автобуслар олиб келиняпти.
— Белгиланган режага кўра, жорий йил якунига қадар Хитойдан “King Long”, “Yutong, Foton” ва “AsiaStar” русумли 100 та шаҳар ичи ва 10 та шаҳарлараро қатновчи автобус олиб келинади, — дейди Фарғона вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи Бобур Ҳамидов. — Келгуси йили эса яна қўшимча 160 та автобус олиб келиниши режалаштирилган.
Таъкидлаш ўринли, эндиликда вилоятда жамоат транспорти соҳасида янги тизим ишлаб чиқилиб, кунлик тушум режасини белгилаш амалиётидан воз кечилмоқда. Шу тариқа бундан буён ташувчиларга маблағлар автобуснинг юрган масофаси ва одамлар хизмат сифатидан қониқишига қараб берилади. Бу тизим бутун мамлакатимизда бўлгани каби 2024 йилнинг 1 июнидан Фарғона вилоятида ҳам тўлиқ жорий этилиши белгиланган.
Ўз навбатида Президент қарори билан хориждан автобус олиб келадиган тадбиркорлик субъектларига бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилган. Мисол учун, янги автобуслар сотиб олиш учун ташаббускор тадбиркорларга 10 йилгача муддатга имтиёзли кредит ажратилади.
МАНБА:“Халқ сўзи”