Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими билан вазирлик ва идораларнинг 35 турдаги электрон маълумотлари алмашинувини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда.
Мазкур ахборот тизими асосида:
а) ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар тўғрисида маълумотлар электрон базалар орқали аниқланади (ёлғиз яшовчи ва кекса, ногиронлиги бўлган, тазйиқ ва зўравонликка учраган, чет элда ишловчи ва ишсиз шахслар);
б) ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга ёрдам кўрсатиш учун (Е-кейс) электрон дастур орқали “индивидуал ижтимоий хизматлар” режаси тузилади ва манзилли хизматлар кўрсатилади.
Бунда, хизматлар режаси ижтимоий ходимлар томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва шахсларни 72 турдаги саволларга асосан баҳолаш орқали ишлаб чиқилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишда кўнгиллилар (қариндошлар, қўни-қўшнилар, волонтёрлар) жалб қилинади, уларнинг фаолияти мувофиқлаштирилади.
Шу билан бирга, 2024 йил 1 январдан бошлаб барча туман (шаҳар) давлат хизматлари марказларида алоҳида “Ижтимоий хизмат дарчалари” ташкил этилади.
“Ижтимоий хизмат дарчалари” орқали ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш учун аризалар қабул қилиш имконияти яратилади.