Олий Мажлис Сенатининг 45-ялпи мажлиси ўз ишини аввалида, Сенат Раиси Танзила Нарбаева куни кеча пойтахтимизнинг Сергели туманидаги омборхонада содир бўлган портлаш оқибатида зарар кўрган ҳамюртларимизга парламент юқори палатаси номидан ҳамдардлик билдирди.
«Давлатимиз Раҳбарининг топшириғига биноан ҳолат бўйича зудлик билан Ҳукумат комиссияси иш бошлади.
Ҳозирда комиссия ҳолат сабабларини ўрганиш ва талафотларни бартараф этиш, жумладан жабрланганларга ҳар тарафлама ёрдам кўрсатиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Ишонамизки, тез фурсатларда ходиса оқибатлари тўлиқ бартараф этилади.
Фурсатдан фойдаланиб, бундай оғир дамларда матонат кўрсатаётган қутқарувчи – ҳарбийларимизга (ФВВ, ИИВ, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ходимлари ), шифокорларимизга, қолаверса, жабланганларга беминнат ёрдам қулини чўзаётган фидойи ҳамюртларимизга ҳамда волонтёрлик ҳаракатига барча сенаторлар номидан миннатдорчилик билдирамиз»,деди Сенат раиси.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 сентябрь куни Тошкент шаҳар Сергели тумани «Қурувчилар» даҳасида жойлашган божхона омборхонасида кучли чақнаш оқибатида ёнғин содир бўлди. Тошкент ҳокими портлашдан талофат кўрган уйларнинг зарари қоплаб берилишини маълум қилди. Воқеа жойига Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа масъуллар етиб борган.
ССВга кўра, портлаш оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. Бир киши ҳалок бўлган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.