Юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, чин етим ва ногиронлиги бўлган ёшларга манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизим яратилди.
Ҳар бир шахс билан индивидуал ва тизимли равишда мунтазам иш олиб боришни ташкил қилиш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар бўйича – “Темир дафтар”, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган хотин-қизлар ва ёшлар бўйича тегишлича “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” ҳаётга татбиқ этилди.
Жорий йил бошидан “Ёшлар дафтари”га кириш учун 360 436 та онлайн мурожаат келиб тушган. Шундан ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг 340 440 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 243 591 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди.
Хусусан, ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 14 187 нафар ёшларга 36,2 млрд сўмлик асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари ажратилиб, ўз ҳудудларида доимий иш билан таъминланди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож 40 мингдан ортиқ ёшларга 107,4 млрд сўм миқдорда тўлов-шартнома харажатлари қоплаб берилиб, таълимни давом эттириш имконияти яратилди.
Даволанишга эҳтиёжи мавжуд 26 519 нафар ёшларга хориж ва юртимиздаги шифохоналарда даволанишлари ва зарурий дори-дармонлари хариди учун 26,2 млрд сўм сарфланди.
Кам таъминланган, ногирон ва оғир хаётий вазиятдаги 18 838 нафар ёшларга 22,8 млрд сўм миқдорда зарурий молиявий кўмак кўрсатилди ва қарийиб 19 минг нафар ёшларнинг ижтимоий аҳволи яхшиланишига эришилди.
Замонавий касбларни эгаллашга ҳамда хорижий тилларни ўрганишга қизиқувчи 3 024 нафар ёшларга 12,3 млрд сўм ажратилди. Улар “Веб-дастурлаш”, “Дизайн”, “Моделинг”, “Веб иловалар яратувчиси” каби касбларга ўқитилди.