1 киловатт-соат электр энергиясининг таннархи 970 сўм. Аҳоли ҳар 1 киловатт-соат учун 295 сўм тўламоқда. Худди шундай, 1 куб метр газ таннархи 1 890 сўм бўлса, истеъмолчи 1 куб метр газ учун 390 сўм сарфламоқда.
Энергетика вазирлигига кўра, соҳанинг зарар билан ишлаётгани ҳисобига уни давлат бюджетидан субсидиялаш камомадга олиб келмоқда. Бу эса ижтимоий соҳага кўпроқ маблағ йўналтиришга имкон бермаяпти. Натижада эса аслида тизимни янгилашга йўналтириш мумкин бўлган маблағлар фақатгина пайдо бўлган ушбу тафовутни қоплашга сарфланмоқда.
Агар соҳага бозор қонунлари жорий қилинса, эртага бу маблағлар тежалади. Натижада тежалган маблағни ижтимоий соҳани ривожлантиришга, янги мактаблар, тиббиёт муассасаларини қуришга, ҳар бир соҳада ишлаб чиқаришни тараққий эттириш учун замонавий технологияларни олиб киришга, қолаверса, энергетика тизимини чуқур модернизация қилишга ҳам сарфлаш мумкин.