Адлия вазирлигида “Қонун лойиҳаларини тайёрлаш, Вазирлар Маҳкамасига киритиш, Қонунчилик палатаси ва Сенат йиғилишларида ҳимоя қилиш” мавзусида семинар ўтказилди. Унда қонунчилик палатаси вакиллари томонидан қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш тартиби ҳамда лойиҳаларни киритишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларга тўхтатиб ўтилди.
Хусусан, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, муайян соҳани тартибга солишга қаратилган бир нечта қонун ўрнига яхлит кодекс ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилди.
Норма ижодкорлиги жараёнида қонунчилик ҳужжатлари ва лойиҳаларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш тизими жорий этилган. 2022 йилда 144 қонунчилик ҳужжати лойиҳасининг таъсири баҳоланиб, улардан 150 дан ортиқ талаб, мажбурият ва чеклов ўрнатувчи норма чиқариб ташланди. Натижада аҳоли ва тадбиркорлик субъэктлари учун 7 триллион сўмдан ортиқ асоссиз харажатларнинг олди олинди.
2026 йилга қадар 21 мингдан ортиқ ҳужжатни коррупсияга қарши экспертизадан ўтказиш белгиланган. 2022 йилда ушбу йўналишда 1,8 мингдан ортиқ ҳужжат экспертизадан ўтказилиб, уларнинг 12 фоизида 300 дан зиёд коррупсиявий омиллар аниқланди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тегишли қонунчилик ҳужжати лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Келгусида қонунчилик ҳужжатлари ҳар йили ҳукумат томонидан тасдиқланадиган режалаштириш дастурлари асосида ишлаб чиқилади. Қонунчилик базасини янада ихчамлаштириш ва аниқ соҳалар кесимида тизимлаштириш мақсадида 57 соҳада 10 мингга яқин қонунчилик ҳужжати тизимлаштирилади.