Сирдарёнинг Оқолтин туманидаги кўприкдан оғир юк машиналари ҳаракатланиши натижасида ёриқлар пайдо бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
Маълум қилинишича, мазкур Тошкент—Термиз йўналиши вақтинча ёпилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 16 сентябрь куни А-373 халқаро автомобиль йўлининг 10 километридаги 1990 йилда қурилган, 2020 йилда қисман реконструкция қилинган зовур устидан ўтган кўприкнинг Тошкент—Жиззах йўналишидаги қисмида 5 та оралиқ қурилма балкаларида ёриқ вужудга келган ва бир қисми чўккан.
Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўприкнинг яримида транспорт воситаларининг ҳаракати чекланиб, автотранспорт воситалари ҳаракати халқаро аҳамиятдаги М-34 Тошкент—Душанбе автомобиль йўлининг 104-152 километрлари ҳамда А-376 Қўқон—Жиззах автомобиль йўлининг 219-242 километрлари орқали ташкил қилинмоқда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳайдовчилар учун ташкил этилган айланма йўлдан ҳаракатланиш бўйича батафсил тушунча берди.
Ҳозирда кўприкни тиклаш бўйича қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилган.
Шунингдек, автотранспорт воситаларининг мазкур йўналишда ҳаракатини қайта йўлга қўйиш учун қўшимча равишда зовур устидан вақтинчалик ўтиш йўли қуришга қарор қилинган. Бунинг учун 50 га яқин куч ва воситалар жалб қилиниб, 3 сменада иш ташкил қилинмоқда.