Статистика агентлиги Ўзбекистонда ўтган ярим йил давомида номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи бўйича дастлабки маълумотларни очиқлади. Унга кўра, мамлакатда январь—июнь ойларида ўртача ойлик иш ҳақи 4,3 миллион сўмни ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 22 фоизга ўсган.
Ҳудудлар бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичлари
Тошкент шаҳрида (7 миллион сўм),
Навоий вилоятида (5,7 миллион сўм),
Тошкент вилоятида (4,3 миллион сўм),
Андижон вилоятида (3,7 миллион сўм) ҳамда
Бухоро вилоятида (3,7 миллион сўм) кузатилди.
Агентлик ҳисоб–китобларига кўра, республикада энг юқори ойлик олаётганлар молия ва суғурта соҳаси ходимлари бўлиб, уларга ўртача 12,4 миллион сўм ойлик тўланган. Кейинги ўринларда
- ахборот ва алоқа (9,5 миллион сўм),
- ташиш ва сақлаш (6,4 миллион сўм) ва
- саноат соҳаси (5,4 миллион сўм)
- ходимларининг ойликлари ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан юқори кўрсаткични ташкил қилган.
Таълим (3 миллион сўм) ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (2,8 миллион сўм) соҳалари эса бошқа соҳаларга нисбатан энг қуйи поғоналарда эканлигини кўриш мумкин. Таҳлилларга қараганда, бундан 4 йил илгари (2019 йилда) таълим соҳасидагилар ўртача 1,7 миллион сўм, соғлиқни сақлаш мутахассислари 1,4 миллион сўм ойлик олган.
2023 йил январь—июнь ойлари учун ўртача ойлик иш ҳақи кўрсаткичини шакллантиришда қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобга олинмаган, чунки фермер хўжаликлари ҳамда кичик тадбиркорлик субъектлари йилда бир марта ҳисобот тақдим этиши белгиланган.
Маълумот учун, Номинал ҳисобланган иш ҳақи – маълум бир давр (соат, ой, йил) мобайнида ходим томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот (бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат) эвазига иш берувчилар томонидан, амалдаги қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда солиқ ва бошқа тўловларни ўз ичига олувчи ёлланма ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тарзида жисмоний шахсга пул шаклида ҳисобланган даромадлардан иборат.