Аномал иссиқ фонида Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли 2022 йилнинг ёз ҳамда 2023 йилнинг июнь ойидаги рекорд кўрсаткичларни янгилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Хусусан, 2023 йил 26 июлда Республика бўйича электр энергияси истеъмоли 250,7 млн кВт⋅соатни ташкил этди. 2022 йилнинг худди шу кунида жами 236,9 млн кВт⋅соат электр энергияси ишлатилган бўлиб, кечаги кўрсаткич аввалги йилдагидан 5,8 фоиз ортиқ бўлди.
Бундан олдин 2023 йил 12 июль куни Республика бўйича жами истеъмол 247,5 млн кВт⋅соатни ташкил этиб, рекорд кўрсаткич янгиланган эди.
Шу билан бирга, 26 июль куни электр энергияси истеъмолининг соатлик талаби қарийб 12 300 МВтни ташкил қилди. Бу 2022 йилнинг шу кундаги ҳолатига нисбатан 1 500 МВт (+14,1 фоиз) кўпдир.
Маълумот учун, 2022 йилда максимал электр энергияси истеъмоли 27 июлда қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич 239 млн кВт⋅соатни, кундузги истеъмол қуввати 10 800 МВтни ташкил қилган.
Энергетика тизимидаги электр станциялари томонидан кунлик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 243,9 млн кВт⋅соатни ташкил этди. Бу 2022 йилнинг шу кунги ҳолатига нисбатан 21,5 млн кВт⋅соат (9,6 фоиз) кўпдир.
Эслатиб ўтамиз, юртимизда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво электр узатиш тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти 25 фоизгача пасайишига олиб келади. Бу, биринчи навбатда, тармоқларнинг физик хусусиятларига боғлиқ бўлиб, бундай ҳолларда зарур чора сифатида тармоқда мажбурий чеклов киритилмаса, йирик ҳажмдаги аварияларга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас.