Самарқанддек шаҳри азимда спорт зали бўлмаган мактабни тасаввур қила оласими? Ҳа, шундай мактаб бор. Бу – 60-умумтаълим мактаби, шаҳарнинг Боғимайдон маҳалласида жойлашган. Мактаб бошқа ҳамма томондан ибратли, аммо спорт зали муаммосини ҳал қилиш йўлидаги ҳаракатлари зоеъ кетмоқда.
Айрим хабардорлар мактаб ўз спорт залига эга-ку, дейишлари мумкин. Аммо мавжуд иншоот бундан 20 йил аввал маҳалла аҳли томонидан ҳашар йўли билан қурилган омборхона бўлиб, ноиложликдан жисмоний тарбия дарсларини ўтиш учун мактаб ихтиёрига берилган эди.
Шунгача жисмоний тарбия дарслари мактаб ҳовлисида, совуқ кунлари ва ёғингарчилик пайтида мактаб биносида, йўлакларда ўтиларди. Маҳалла аҳли ўз фарзандларининг келажагини ўйлаб, мактабнинг рўпарасида, яъни ҳашар йўли билан қурилган ва кўчанинг нариги томонида жойлашган ушбу омборхонани 2013 йилда мактаб балансига ўтказишга қарор қилди. Натижада мактаб мослаштирилган бино бўлса-да, ўз спорт залига эга бўлди.
Эндиликда эскирган, реконструкция қилиш имкони бўлмаган, чакки ўтадиган, ечиниб-кийинадиган хоналари, душ хонаси, иситиш тизими бўлмаган ушбу спорт зали замон талабларига ҳамда шаҳар архитектурасига мос келмайди. Яна муҳим жиҳати, зал мактаб ташқарисида, йўлнинг нариги томонида жойлашган ва ўқувчилар унга бориб келиш учун серқатнов автомобиль йўлидан ўтишларига тўғри келади.
Мактаб маъмуриятининг кўп йиллар давомида мутасадди ташкилотларга спорт залини янгилаш бўйича йўллаган мурожаатлари натижа бермагач, жойига келиб, аҳвол билан танишган вилоят ҳокими Э.Турдимов таклифи билан масалани ечими бўйича маҳаллий мурожаат қилинди. Маҳалланинг ўзидан тадбиркор топилди. У макаб ҳудудида янги замонавий спорт зали қуриб беришни ўз зиммасига олди. Эвазига эскисининг жойида икки қаватли иншоот қуриб, унда тикув цехи, савдо дўкони, тиббиёт офиси ва дорихона жойлаштирмоқчи бўлди. Ушбу режа амалга ошганида, маҳаллада иккита янги кўркам бино қуриларди, янги иш ўринлари ташкил этиларди.
2020 йил давомида Халқ таълими вазирлигига бир неча марта мурожаат қилинди. Ҳатто вазир ўринбосарларидан бири келиб, вазият билан танишди ҳамда мактаб ва маҳалла томонидан янги спорт зали қуриш бўйича яна бир таклиф киритишни маслаҳат берди. Бу орада, аниқроғи 2020 йилнинг 26 октябрида тадбиркор А.Аслиевнинг янги спорт зали лойиҳаси Самарқанд шаҳарсозлик кенгаши муҳокамасидан ўтказилди ва унинг спортзал қуриб бериш эвазига мавжуд эски бинони унга берилиши ҳақидаги таклифни Кенгаш томонидан қўллаб-қувватланди.
Ўша йили 7 ноябрда мактаб маъмурияти Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Ш.Шерматовга юқоридаги таклифни қўллаб-қувватлашни сўраб мактуб йўллади. Вазирликдан 2020 йил 3 декабрда 01-04/2-750-сон розилик хати олинди. Аммо унда спорт зали қуриб беридиган тадбиркор манфаати иноботга олинмаган эди. Хатда мактабга янги спорт зал биноси қурилиб берилгандан сўнг, мавжуд эски спорт зал биносини ҳокимлик захирасига олиш мумкинлиги айтилган.
Бу ноҳақлик эмасми? Чунки эски бино ҳокимлик балансига олинса, мавжуд қонунчилик бўйича уни аукционга қўйиш керак бўлади. Демак, катта маблағ сарфлаб спорт зали қуриб берган тадбиркор кимошди савдосига қатнашиб, яна маблағ сарфлаши ва бахти чопса, эски бинони сотиб олиши мумкин. Нега вазирлик бундай мантиқсиз йўл тутди?
Ахир, мактаб йўқ жойдан спорт залига эга бўларди. Маҳаллада камида 40 та янги иш ўринли замонавий объект қуриларди. Яна бир муҳим қўшимча. Давлат мавжуд спорт залини қуришда бир сўм ҳам сарфлаган эмас. У маҳалла аҳли томонидан ҳашар йўли билан барпо этилган. Демак, эски бинони тадбиркорга бериб, янги спорт зали қуришга рухсат этиш ҳаммага фойда келтиради.
Вазирликдан мужмал жавоб олгандан сўнг шаҳар ҳокимлигида вилоят халқ таълими бошқармаси мутасаддилари, шаҳар ҳокими ва ҳокимлик юристи ҳамда спорт зали қурмоқчи бўлган тадбиркор иштирогида юзага келган ҳолат муҳокама этилди. Эски объект кимошди савдосига қўйиш шарти мартиққа тўғри келмаслигини ҳамма тан олди. Аммо “осмон балан, ер қаттиқ” деганларидек, бошқа илож қолмаганлиги учун барча томонлар учун фойдали бўлган лойиҳадан воз кечишга мажбурлиги тан олинди. Вилоят ХТБ масъуллари 60-мактабга спорт зали қуриб беришни давлат дастурига киритишни ва яқин бир-икки йил ичида бу муаммо ҳал этилишига ваъда беришди.
Мана, орада икки ярим йил вақт ўтди. Аммо бу йўналишда ҳеч қандай амалий ҳаракат бўлгани йўқ. Ўқувчилар яна қанча кутиши керак? Балки Халқ таълими вазирлигига келган яни раҳбар замонавий фикр юритиб, масалага ойдинлик киритар?
Тадбиркоримизнинг таклифи ўз кучида. Имкон беринг, у қуриб берсин. Давлат пулини эса бошқа жойларда қурилиши муҳим бўлган объектларга йўналтиринг. Ахир, Самарқанд вилоятининг ўзида 400 дан ортиқ мактабда спорт зали йўқлигини бундан икки йил олдин вилоят ХТБ бошлиғидан эшитган эдим.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз