Ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги 21 календарь кунни ташкил этади. Қуйидагиларга ёши ва соғлиғининг ҳолати ҳисобга олинган ҳолда ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади:
— 18 ёшгача бўлган шахсларга – 30 календарь кун;
— I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга – 30 календарь кун.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларига давомийлиги 27 календарь кун бўлган ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади.
Бундан давлат ходимларининг айрим тоифалари учун қонунда ҳар йилги асосий узайтирилган таътилнинг узоқроқ давомийлиги белгиланган ҳоллар мустасно.
Ҳар йилги асосий узайтирилган таътиллар айрим тоифадаги ходимлар учун ҳам улар меҳнат вазифаларининг ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятларига ҳамда бошқа ҳолатларга қараб белгиланади. Бундай таътиллар олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимларнинг рўйхати ва ушбу таътилларнинг давомийлиги қонунчиликда белгиланади.
Қонунчиликда белгиланганидан ташқари, ҳар йилги асосий узайтирилган таътиллар бериш, шунингдек ҳар йилги асосий узайтирилган таътилнинг давомийлигини унинг қонунчилик билан кафолатланган давомийлигига нисбатан кўпайтириш жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилиши мумкин.