19.8 C
Узбекистан
Пятница, 20 сентября, 2024

Қизил ярим ой жамияти Самарқанд вилоят ташкилоти фаолиятига бир назар

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,820участниковПодписаться
- Advertisement -

Бу йил 190 тадан ортиқ миллий жамиятни бирлаштирувчи Халкаро Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари Халқаро Федерацияси ташкил этилганлигига 160 йил тўлди. Шу муносабат билан жаҳон ҳамжамиятида турли тадбирлар ўтказилмоқда. Ушбу ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлган Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти ҳам  бу санани нишонлаш, унга бағишлаб тадбир ўтказишни режалаштирганми?

Биз бу савол билан Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти вилоят ташкилоти раиси Мунира Арипова мурожаат этдик. Ушбу саволдан ташқари Мунира Шерматовна вилоят ташкилотининг фаолиятига оид бошқа саволларимизга ҳам жавоб қайтариб, қуйидагиларни қайд этди.

Шуни катта мамнуният билан таъкидлашмоқчиманки, Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари Халқаро Федерацияси 160 йиллигини нишонлаш бўйича Республика тадбирлари шу ойнинг охирларида Самарқанд шаҳрида ўтказилади.

Энди қисқача Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятининг ўтмиши ва бугунги куни ҳақида сўз юритмоқчиман. 

Агар Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой ҳаракатига 1863 йилда асос солинган бўлса,  Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти 1925 йил 14 ноябрда ташкил этилган. Ўтган йиллар давомида миллий жамиятимиз ўз фаолиятини Ҳаракатнинг инсонпарварлик, холислик, бетарафлик, мустақиллик, кўнгиллилик, якка-ягоналик, умумийлик  каби еттита тамойилар асосида олиб борди. 

Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти фронт учун тиббиёт ходимлари ва санитар дружиналарини тайёрлаб берган. Урушнинг бошланиш пайтида кўнгиллилар қаторида фронтга жўнаб, армия қисмларида  олдинги сафларда туриб ярадорларга хизмат кўрсатган қорақалпоғистонлик Салипа Кубланова, фарғоналик Матлуба Эшонхўжаева, тошкентлик Рихси Мўминова, самарқандлик Антонина Пихтеева  Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг олий мукофоти – Флорес Найтенгейль медали билан мукофотланганлар.

Ундан кейинги даврларда Арманистон (Спитак), Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркия, Эрон каби мамлакатларда содир бўлган кучли ер силкинишлари, кўчки, сув тошқинлари каби табиий офатларда Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти салмоқли миқдордаги инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатган. Жумладан, жорий йилнинг февраль ойида  Туркияда содир бўлган ҳалокатли зилзиладан зарар кўрган аҳоли учун Туркияга махсус рейсда йиғиладиган каравотлар,  чодирлар,  ошхона жиҳозлари тўпламлари, кўрпа-тўшак тўпламлари,   оилавий гигиена тўпламлари, жами деярли 200 миллион сўмлик мурувват ёрдамларини жўнатди.

Жамиятнинг Самарқанд вилоят ташкилоти томонидан ҳам аҳолини ижтимоий ҳимоялашда давлат органларига салмоқли равишда кўмак кўрсатилиб келинмоқда. Жумладан, охирги 3 йил мобайнида Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари Федерацияси билан ҳамкорликдаги “Марказий Осиё давлатларида маҳаллий даражада табиий офатлар хавфини камайтириш орқали маҳаллалар барқарорлигини кучайтириш”  лойиҳаси бўйича  Самарқанд шаҳри, Жомбой, Каттақўрғон, Самарқанд, Ургут туманларидаги фавқулодда ҳолатлар содир бўлиши эҳтимоли кўпроқ бўлган 20 та маҳалла  ва уларнинг ҳудудларидаги мактабларда  фавқулодда вазиятларда қутқариш ва биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича ўқув ва амалий машғулотлар ўтказилди ва ушбу маҳалла ва мактабларга 141 миллион сўмдан ортиқ миқдорида фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва жиҳозлар  етказиб берилди ҳамда жойларда улардан фойдаланиш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилиб, фвқулодда вазиятларда қутқариш бўйича стендлар тайёрланди ва ўрнатиб берилди.

Ирригация тадбирлари доирасида  Самарқанд шаҳридаги 8 та маҳаллада ариқлар тозаланиб, сув йўллари очиб берилди. Сел натижасида тўпланиб қоладиган сув  хонадонларни босиб кетмаслиги учун монолит девор барпо қилинди, лотоклар ўрнатилди ва сувни  чиқариб юбориш  трубалари ётқизилди,  сув йиғиш қудуқлари ковланди. Жарликлар бўлган жойларнинг атрофи  пўлат сим тўрлари билан ўраб олиниб, аҳолининг ўтиб қайтиши учун хавфсизлантирилди.

Жамиятнинг вилоят ташкилоти қошида фавқулодда вазиятларда маҳаллий даражада қутқариш ва биринчи ёрдам кўрсатиш қобилиятига эга бўлган 162 нафар волонтёр-кўнгиллилар тайёрланди.

Коронавирус пандемияси муносабати билан эълон қилинган  карантин даврида  озиқ-овқат ва пул маблағлари билан кўрсатилган моддий ёрдамлар миқдори жами 552 миллион 120 минг сўмни ташкил этди. Шундан коронавирус оқибатларини бартараф этиш учун дастур асосида 584 нафар кишиларнинг пластик карточкаларига ўтказиб берилган маблағнинг умумий миқдори 328 миллион сўмдан иборат бўлди.

“COVID-19 га жавоб берамиз” дастури доирасида 1280 нафар кишиларга 2 хилдаги ювиш воситалари тарқатилди, вилоятдаги 3 та ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларининг тиббиёт ходимларига 600 дона “Невиа” намловчи кремлари топширилди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасига мурувват ёрдамлари сифатида 90 та металл каравотлар кўрпа-тўшак мажмуалари билан етказиб берилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 100 та оилага 43 миллион 610 минг сўм миқдорида бўлган 15 номдаги санитар-гигиеник мажмуа совға қилинди.

Вилоят ташкилотида “Меҳр-шафқат хизмати” гуруҳи қарамоғига олинган фуқаролар ва моддий ёрдам сўраб келган  1075  нафар кишига 180 миллион 100  минг сўмдан  ортиқ миқдорида пул маблағлари,  озиқ-овқат мажмуалари ва хўжалик буюмлари  тарқатилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг  жамоат фондидан ютиб олинган “Раҳм-шафқат хизмати” грант маблағлари ҳисобидан 20 миллион сўм миқдорида ногиронлик аравачалари, танометрлар, қўлтиқтаёқлар, ҳассалар ва бошқа буюмлардан иборат реабилитацион жиҳозлар ва санитар гигиеник воситалар –  жами 25 номдаги инвентарлар харид қилинди. Ҳозирги кунда бу жиҳозлар мурожаат этган кишиларга бепул маълум вақтда фойдаланишлари учун ижарага берилмоқда.

Кексаларни ва имконияти чекланган шахсларни парваришловчи ходимларни тайёрлаш бўйича  ўқув курслари ташкил этилиб, уларда 575 нафар киши фавқулодда ҳолатларда биринчи ёрдам кўрсатиш асосларига ўргатилди ва уларга сертификатлар топширилди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти ва унинг Самарқанд вилоят ташкилоти ўз фаолиятини Ҳаракатнинг инсонпарварлик, холислик, бетарафлик, мустақиллик, кўнгиллилик, якка-ягоналик, умумийлик  каби еттита тамойили асосида олиб бормоқда. 

Тошпўлат Раҳматуллаев тайёрлади

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Больше похожих статей

×