19.4 C
Узбекистан
Воскресенье, 19 мая, 2024

Муштумзўр ҳокимлар кимлардан ўрнак олсин?  

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,340участниковПодписаться
- Advertisement -

Амалдорлар ўртасида кенг томир отган бўлмағур одат – қўл  остидагиларни ҳақорат қилиш, уларни уриш, сўкиш фақат кейинги йиллар ҳосиласи бўлиб, бундан 30 йил аввал бу иллат йўқ эди. У қаердан пайдо бўлди? Муштумзўрларга кимдир ибрат бўлиши мумкин?

Куни кеча “Муносиб яшамоқ бахти” китобининг тақдимот маросимида иштирок этиб, юқоридаги саволга жавоб топгандек бўлдим. Китоб кўп йиллар раҳбарлик тизимида фаолият юргизган 1-даражали Адлия маслаҳатчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Алишер Мардиев ҳаёти ва фаолиятига бағишланган. А.Мардиев Самарқанд вилоят суди раиси, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокими лавозимларида ишлаган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири бўлиб ҳам фаолият юргизган.

Йиллар давомида катта ваколатга эга бўлган А.Мардиев ҳақида гап кетганда, уни яхши билганлар у бировга баланд овоз билан гапирмаган, кундалик турмушда доимо одоб- ахлоқ қоидаларига риоя қилиб келган дейишади. Шундан бўлса керак, ҳозир ҳам пенсияда бўлган фахрий ҳуқуқшунос турли давраларда ўзини эркин тутади, атрофдагилар унга ҳурмат билан муносабатда бўлади.

Китоб тақдимоти маросимида иштирок этган таниқли олимлар, прокуратура, адлия ва суд тизими фахрийлари,  адиблар, давлат ва жамоат арбоблари Алишер Мардиевнинг амалга оширган ишлари ва инсоний фазилатлари ҳақида сўз юритди. Айнан мана шундай инсонларнинг ҳаёт йўлини ўрганиш кўпларга, айниқса ўзини идора қила олмайдиган амалдорларга дарс бўла олиши мумкин эмасми? 

Яна худди шундай ҳурматга лойиқ собиқ катта амалдор Пўлат Абдураҳмоновдир. Самарқанд вилоятининг мустақилликдан олдинги даврдаги биринчи раҳбари, ҳокимлик тизимиз киритилгандан сўнг вилоятда биринчи ҳоким бўлган Пўлат Мажидович ҳам ана шундай “ўзидан кетмаган” раҳбар бўлганлиги боис ҳозирги вақтда самарқандликлар эъзозида. Кўпгина давраларда, оддий одамларнинг тўй-маъракаларида кўриб, ўзимга, атрофимдагиларга шундай дейман: “мана, бўларкан-ку, амалда бўлганида ўзидан кетмаса, ўзгалар билан муносиб муомалада бўлса, қариганида ҳам эл назаридан қолмасдан, ҳурмат-иззатга сазовор бўлади. Бундан катта бахт борми!”.

Демак, ҳозирги раҳбару раҳбарчалар фақат бугун отда эканлигида “истаганимни қиламан, мен ҳукмронман, қолганлар айтганимни қилади” деб ўзидан кетса, лавозимдан кетгач, пенсияга чиққач, аҳволи қандай бўлишини кўз олдига келтирсин, эл назаридан қолиш қандай бўлишини тасаввур қилсин. Ёшлик ўтади, энг ёмони кексайганда хор-зор бўлишлик. Сен тўплаган пул, ҳовли-жой одамлар меҳри ўрнини босолмайди. Бежиз халқимиз “қариганда хор-зор бўлишдан сақласин” демайди-да!

Аммо барча ўзидан кетганлар ҳам атрофига қараб, ибрат олиш қобилиятига эга деб бўлмайди. Қўл остидагиларнинг инсоний шаъни ва қадр-қимматини камситадиган раҳбарларни тийиб турувчи тизим яратиш зарур.

Нега жамиятимизда, айниқса амалдорлар орасида муштумзўрликдек иллат илдиз отди. Ҳар бир шахс, у қандай вазифани эгаллаб турган бўлишига қарамасдан, ўз зиммасидаги ишни рисоладагидек бажариши шарт ва зарур эмасми? Нега ўзидан юқори турувчи амалдорнинг дашноми, ҳақоратдан иборат сўзларини эшитиши, ҳатто ўзига қўл кўтаришини кутиши, шундан сўнг вазифасини бажариши ва бундай ярамас ҳолатга тоқат қилиши лозим? 

Бундан аввалроқ, ҳозир кўпчилик ёмонлаётган тизим даврида амалдорнинг қўл остидагиларга бундай муносабатини тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Раҳбарлик пиллапоясида ўзидан пастроқда турувчиларга нисбатан зўравонлик ишлатиш, уларни ҳақоратлаш, камситиш қаердан келиб чиқди? Биз хонлик замонида яшамаяпмиз-ку! Биз ҳуқуқий демократик давлат сари дадил қадам ташлаётганлигимизни бутун дунёга баралла айтмоқдамиз. Аммо амалдорларнинг қўл остидагилар билан муносабатини кўриб, хаёлимга беихтиёр “қани ҳуқуқ, яъни қонун устуворлиги, қани демократия?” деган саволлар келади. 

Бундай аянчли ҳолатнинг сабабларини чуқур таҳлил қилиш асосида уларни аниқлаб, ҳар бир юз берган ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришга ўтмасак, тепадагилар қонун эмас, ҳатто инсонийликнинг энг оддий талабидан узоқ турган раҳбарлик усулидан воз кечолмайди. Худди шу каби, улардан пастроқда турганлар ҳам уларни тепиб-тергаб турмаса, қимирламайдиган, яъни ўз зиммасидаги вазифани бажармайдиган бўлиб қолади. 

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

20 май куни қандай об-ҳаво бўлиши маълум қилинди

“Ўзгидромет” 20 май, душанба куни учун об-ҳаво прогнозини эълон қилди. Тошкент шаҳрида ҳаво бир оз булутли бўлади, куннинг биринчи ярмида ёмғир ёғади,...

Больше похожих статей

×