24.6 C
Узбекистан
Суббота, 10 мая, 2025

Кўчами ёки жанг майдони: автоҳалокатлар сони нега ортмоқда?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,530участниковПодписаться
- Advertisement -

2022 йилда мамлакатимизда 9902 йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, улар натижасида 2356 нафар инсон вафот этган бўлса, 9606 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Демак, ҳар куни 6-7 нафар юртдошимиз вафот этган ва 26 нафари жароҳатланган.

Бундай аянчли аҳволнинг сабаблари турли даражада муҳокама қилинмоқда, автоҳалокатларга олиб келувчи омиллар аниқланиб, уларни бартараф этишга манфаатдорлик билдирилмоқда. Аммо барча омиллар ҳам мутасаддилар томонидан тан олиниб, уларни ечиш учун амалай қадамлар қўйилмоқдами?

Ўжар рақамлар ёхуд таҳлиллар нима дейди?

Йиллар мобайнида давом этиб келаётган аянчли йўл-транспорт ҳодисалари сонини кескин камайтириш учун уларга сабаб бўлаётган барча омиллар ҳақида хабардор бўлмоқ ва шу асосда уларни олдини олиш йўлида чора-тадбирлар қўллаш тўғри иш бўларди. Ўтган йили мамлакатимизда содир этилган ЙТҲ таҳлили бу борада аниқ йўналиш беради.

ЙТҲ турлари бўйича оладиган бўлсак, 2022 йилда энг кўп ҳолат пиёдаларни уриб юбориш (4449 та ёки 44,9%) ва   автомашиналарнинг ўзаро тўқнашуви (3093 ёки 31,2%) ташкил этган. ЙТҲ келиб чиқишининг объектив ва субъектив сабаблари мавжуд. Объектив сабаблар орасида асосийлари учта. Булар – йўлни иккига ажратувчи тўсиқлар ўрнатилмаганлиги (1301 та ёки 13,1%ҳ), пиёдалар ўтиш жойини ташкил этилмаганлиги (1017 та ёки 10,3%), пиёдалар ҳаракатини чекловчи тўсиқ (панжаралар) ўрнатилмаганлиги (1154 та ёки 11,6%).

Субъектив сабаблар қаторига қуйидагилар киради: белгиланган тезликка риоя қилмаслик (1577 та ёки 15,8%), светофор талаби ёки йўл белгисига риоя қилмаслик (845 та ёки 8,5%), ҳайдовчининг тажрибасизлиги (1046 та ёки 10,6%). ЙТҲ асосан соат 15-00 ва 20-00 оралиғида (31,6%) содир этилган.

Таҳлилга асосланиб, амалга оширадиган ишларни санаб ўтадиган бўлсак, улар қаторига йўл инфратузилмасини тартибга келтириш, светофор ва йўл белгиларини талаб даражасида бўлишига эришиш, йўлнинг керакли жойларида транспорт воситалари ҳаракатланиши тезлигига чекловлар ўрнатиш кабилар эканлиги кўрини турибди. 

Ўзбекистонда 2023 йилги давлат дастури лойиҳасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини “шаҳар автомобиллар эмас, балки пиёдалар учун” ғояси асосида ислоҳ қилиш белгиланган. Жумладан, 2023 йил 1 июндан бошлаб барча аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлигини соатига 70 километрдан 60 километргача тушириш таклиф этилмоқда. Мутахасислар фикрича, тезликни 10 километр соатга тушириш ўлим ҳолатларини камида 15 фоизга камайтиришга олиб келаркан.

Самарқандда аҳвол қандай?

Йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ вазиятни Самарқанд вилояти мисолида кўриб чиқадиган бўлсак, нималар ойдинлашади?

Яқинда Самарқанд вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (ЙҲХБ) бошлиғи Шавкат Бойхорозов иштирогида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ўтган йили тизимда амалга оширилган ишлар ҳамда вилоят ҳудудида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Аниқланишича, ўтган йили йўл-транспорт ҳодисалари 2021 йилга нисбатан 2,2 фоизга ортган. 1154 та ЙТҲ натижасида 330 киши вафот этган (2021 йилда – 335) ва 876 киши тан жароҳатлари олган (2021 йилда — 849).

ЙҲТга асосий сабаблардан бири йўл инфратузилмаси билан боғлиқлиги тан олинди. Уқтирилишича, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрмаган 82 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилган. Улар йўлларни сақлаш қоидаларини бузганлиги ҳамда йўлларнинг қатнов қисмида таъмирлаш ишлари олиб бориш жараёнида вақтинчалик йўл белгилари ва тўсиқлар ўрнатмаганлиги учун жазога тортилган.

Йўлсозларга берилган жазо ўтган йили шов-шувли автоҳалокатлар натижаси бўлиши мумкин. Ана шундай даҳшатли ЙТҲ октябрь ойида А-37 халқаро йўли (Самарқанд халқаро аэропорт орқасида, Зарафшон дарёси бўйлаб ўтадиган йўл) да содир этилган ва у беш кишининг ўлими билан якунланган эди. Йўл ўртасида темир тўсиқ ўрнатаётган йўлсозлар эҳтиёт чораси кўрмаганлиги сабабли ана шундай ҳолат юз берган эди. Ўша кунлари бу ҳақда гапирилдию, ундан кейин нима бўлди, айбдорлар кимлар эди, уларга нисбатан қандай чоралар кўрилди деган саволлар очиқ қолди. Бу ҳақда жамоатчилик хабардор қилинмаганлиги боис турли гап-сўзлар келиб чиқишига сабаб бўлди, худди йўлсозларни кимдир ҳимоя қилгандек кўринди.

Аслида, бундай пайтда бонг уриш лозим, тадбирбозликлар ҳеч нарса бермайди. Тўғри, бизда йўл ҳаракати иштирокчиларининг маданияти етарли даражада деб бўлмайди. Шу сабабли аҳоли ўртасида йўл ҳаракати қоидалари, унга риоя этилиши бўйича тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтиришга ундаш тўғри.

Октябрь ойидаги ўша автоҳалокатдан сўнг маҳалла раислари, жамоатчилик вакиллари иштирогида ўтказилган йиғилишда вилоят ЙҲХБ бошлиғи оила, мактаб ва маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, ҳайдовчилар маданиятини ошириш, транспорт корхоналарида тарбиявий соатларни кўпайтириш ҳақида такрор-такрор сўз юритган эди. Ҳа, бу йўналишдаги ишлар ҳам керак. Аммо фақат тарбиявий соатлару “жамоатчилик нега жим?”, “маҳалла қаерга қарамоқда?”, “мактаб қани?” деган билан чекланиш ярамайди.

Қилинаётган ишлар туфайли йўлларда ҳаракат хавфсиз бўладими?

Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида вилоятда нима ишлар қилинди ва яна нималар қилиниши лозимлиги ҳақида қисқача сўз юритамиз. Шуни таъкидлаш лозимки, бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар эскича усулда олиб борилмоқда. Ҳисоботларда қанча светофор ўрнатилганлиги, эскирган йўл белгилари янгиларига алмаштирилганлиги, тўсиқлар қўйилганлиги каби ҳолатлар тилга олинади. Бу ишлар ҳар йили қилинса ҳам ҳалокатли ЙТҲ кескин камаймаяпти. 

Биринчи навбатда ЙҲХБ йўл ҳаркати хавфсизлигини таъминлаши лозим. Буни ташкилот номланишидан ҳам билса бўлади. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар етарли эмаслиги ҳақида гапириб ўтириш шарт эмас. Бу ойдек равшан. Масалан, йўл белгилари ва светофорлар ўрнатилишида камчиликларни олиб кўрайлик. Хорижлик мутахассислар, жумладан, “Симетра” компанияси экспертлари Самарқанд шаҳридаги бир қатор светофорлар пиёдалар ва транспорт воситалари оқимини тўғри ҳисобга олмаган ҳолда ўрнатилганлигини уқтирган эди.

Йўл-патруль хизмати (ЙПХ) инспекторларининг ҳаммаси ҳам светофор ишламай қолганда чорраҳада автомобиллар оқимини тўғри йўналтира олмайди. Тартибга солувчининг ишоралари ҳар доим ҳам ҳайдовчиларга тушунарли эмас. Самарқанд шаҳрининг жуда кўп жойида «Тўхташ тақиқланган» белгиси қўйиб ташланган. Бу эса аксарият ҳолларда ҳайдовчиларни мажбуран қоидабузарга айлантирмоқда.

Яна бир мисол. Манзиллар томон ҳаракатланиш йўналишларини кўрсатувчи белги шундайгина чорраҳада, бурилиш жойида ўрнатилган. Агар белги чорраҳадан 50-100 метр олдинда ўрнатилганда, ҳайдовчи узоқдан ҳаракатни билган ҳолда амалга оширарди. Чорраҳада яқинлашгандагина қайси томонга бурилиши англаган ҳайдовчи шошиб қолади ва мабода нотўғри ҳаракат қилса, бирор бир хатога йўл қўйиши мумкин.

Маҳаллий ҳокимлик ва ЙҲХБ тўхташ жойи бўлмаган ҳолда тўйхона, меҳмонхона, шифохона, кўп қаватли бинолар қуришга рухсат бермоқда. Кўп ҳолларда туманларга йўловчи ташийдиган ҳайдовчилар чорраҳаларни эгаллаб олганлиги пиёдаларга ҳам, транспорт воситаларига ҳам ноқулайликлар келтириб  чиқармоқда, ЙТҲ ҳолатларини туғдирмоқда. Бундай “автобекат”га Сўзангарон кўчасидаги Китоб ва Шаҳрисабз таксилари ва Даҳбет кўчасида Оқдарё, Пайариқ, Иштихон туманларига қатнайдиган машиналар турадиган жойлар яққол мисол бўла олади. Бу муаммо кўп йиллар давомида ҳам этилмасдан келинмоқда.

Айрим кўчаларда пиёда йўлаклари йўқ, бўлганлари ҳам савдо ва овқатланиш нуқталари томонидан эгаллаб олинган.

Электр энергиясидаги узилишлар мунтазам юз бераётганлигидан барча хабардор. Шу туфайли светофор ишламаганда, катта тирбандликлар содир бўлмоқда. Аммо светофорларга қуёш панеллари ўрнатиш иши пайсалга солинмоқда.

Пиёдалар ўтиш жойини белгилашда оддий қоидага ҳам риоя қилинмаган. Пиёда ўтадиган жойнинг бир томони ё ариққа ёки бирор-бир тўсиққа йўналтирилган ҳолатлар борлигини қандай изоҳлаш мумкин? Мана бу суратда Самарқанд шаҳрар Афросиёб кўчасидаги ҳолат тасвирланган. Бу йўлсозларнинг иши. Ҳали йўл давлат комиссияси томонидан қабул қилиб олинмаган. Нима, йўлсозлар йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларидан йироқми?

Шу муносабат билан журналист Ё.Марқаев томонидан яқинда билдирилган қуйидаги таклифда жон бор деб ўйлайман: “ЙҲХБ, собиқ автойўл ва ободонлаштириш бошқармаларининг ҳудудий йўлларга бириктирилган қисмини ягона ташкилотга айлантириш зарур. Бизнингча, йўлни қуриш, уни жиҳозлаш ва ҳаракатни тартибга солиш битта идоранинг зиммасида бўлиши керак”.

Автоҳалокатларнинг катта қисми траспорт воситаларининг тезликни меъёридан ошириши туфайли юз бераётганлигини инобатга олиб, йўлларда тезликни ўлчаш ва қоидабузарликларни қайд этувчи бошқа воситаларини ўрнатиш ишини жадаллаштириш зарур. Маблағ етмайди деб ўтираверсак, йўлларимиз жанг майдонидан ҳам даҳшатлироқ ҳолат касб этганлигини қайд қилиш билан чекланамиз, холос!

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистонда ушланган Тожикистоннинг собиқ ҳокими қамалди

Тожикистоннинг Сўғд вилоятига қарашли Конибодом шаҳрининг собиқ ҳокими Абдусалом Тўхтасунзода пора олиш ва фирибгарлик айбловлари билан 12 йилга озодликдан...

Больше похожих статей

×