Қардош Туркиядаги даҳшатли зилзила бутун оламни ларзага солди. “Ўзбекистон овози” газетасида таъкидланганидек:
”ЗИЛЗИЛА МИНГЛАБ ИНСОНЛАРНИНГ УМРИГА ЗОМИН БЎЛДИ. МИНГЛАБ ОДАМЛАРНИ МАЖРУҲ, МИЛЛИОНЛАБ ҚАЛБЛАРНИ ВАЙРОН ҚИЛДИ. ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР ЖАБР КЎРГАНЛАРНИ, ҚАРДОШ ТУРК ХАЛҚИНИ ҚАНЧАЛИК ҚАДРЛАШИ, ЮРАГИГА ЯҚИН ОЛИШИ МУДҲИШ КУНЛАРДА ЯНАДА АНИҚ БИЛИНДИ, ҲАР БИР ОИЛА БИРОДАРИ, СИНГЛИСИ, ЖИГАРИГА КУЮНГАНДЕК КУЮНДИ.БУЮК ТУРК ХАЛҚИ ҲАР ҚАНДАЙ СИНОВЛАРНИ ЕНГИШГА ҚОДИР. КУЧИМИЗ, КЕЛАЖАГИМИЗ МУСИБАТЛАРДА ЭМАС, БИР-БИРИМИЗНИ ҚЎЛЛАШИМИЗ, СУЯШИМИЗ, ЖОНИМИЗ КАБИ ЯХШИ КЎРИШИМИЗДА”.
Ер юзининг турли бурчакларидан давлатлар, элу-юртлар, халқаро ташкилотлар, тадбиркорлар, турли касб эгалари, оддий одамлар турк халқига ёрдам қўлини чўзишмоқда. Биринчилардан бўлиб Давлатимиз раҳбари, Ҳукуматимиз, халқимиз, Ватанимиз ёрдам қўлини чўзгани, ҳар биримизни тўлқинлантириб юборди. Бир қанча мард қутқарувчиларимиз Туркияда қаҳрамонона иш олиб боришмоқда. Юртимизни турли бурчакларида кишиларимиз зилзиладан зарар кўрганларга кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа зарур нарсалар тўплаб, юборишга тайёрлашмоқда. Интернетда Сирдарёлик 99 ёшга кирган Зулайҳо ая Исмоилова пенсиясидан ёрдамга деб, пул юборганини билиб, қилган дуоларини тинглаб, онахонимизга офаринлар айтгим келди, ҳимматлари олдида таъзим қилдим… Бу — юртимизда барча, ёшу-қари қардош турк халқига тинчлик, омонлик, бахт-саодат тилаётганлигининг бир ёрқин намунасидир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг ОАВда ўз вақтида эълон қилинган қуйидаги сўзлари эсимга тушди: “… оғир синовлар бизни бир миллат сифатида бирлаштирди, ҳаётимизда учрайдиган бефарқлик, томир отиб кетган худбинлик каби иллатларнинг томирини қирқди, қалбларимизда бир-биримизга нисбатан меҳрни парвариш этди, десам янглишмаган бўламан”. Қадрли турк қардошларимиз, биз Сиз билан!
Н.Тоиров
Ўзбекистон ХДП МК ҳузуридаги Фахрийлар Кенгаши раисининг ўринбосари, меҳнат фахрийси