Самарқанддаги Университет номи билан аталадиган хиёбонда эски бинолар, турар жойларни бузиб, ўрнида талабалар учун иккита – бири 1000 кишига, иккинчиси 1500 кишига мўлжалланган бино қуриш ҳақида хабар тарқалиши билан бу жамоатчиликнинг катта норозилигига сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда бу қарорга норозилар ва уларга қарши бўлганларнинг ёзма “жанги” кучайди.
Хиёбон университетники эмас!
Самарқанддек тарихий шаҳарда, айниқса унинг қўриқланиши лозим бўлган қисмида олиб бориладиган ҳар қандай қурилиш ишлари қадимий шаҳарнинг қиёфасини бузмасдан, туристлар учун жозибадорлигини сақлаб қолишга хизмат қилиши керак эмасми? Нега яқин ўтмишдаги Шаҳрисабз билан боғлиқ вазият амалдорларимизга дарс бўлмади? Нега Бухоро марказида кўп қаватли бинолардан иборат City қуришга киришилганлиги ва фақат кенг жамоатчилик аралушуви билан бу ўта бемазза лойиҳа амалга ошмай қолганлиги инобатга олинмади?
СамДУ Ахборот хизматининг хиёбондаги “буз-буз”ларга билдирган муносабатида шундай сўзлар бор: “Номидан ҳам маълумки, бу манзил Университет хиёбони бўлганлиги учун ҳам бу ердаги бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари биринчи навбатда университет манфаатларига бўйсундирилади. Университет манфаати бу — миллат ва мамлакат манфаатидир”.

Бундай баландпарвоз ва ҳақиқатдан узоқ гаплар кимларга мўлжалланган? Университет хиёбони деган ном пайдо бўлишига ўттиз йиллар бўлди. Авваллари хиёбон Абрамов, кейинчалик Максим Горький номи билан аталарди. Хиёбоннинг бунёд этилишида СамДУнинг ҳеч қандай хизмати йўқ! Фақат 1927 йилда қурилиши бошланган университет корпуси ана шу хиёбонда қурилган. Бундай кейин ҳам бинолар ушбу хиёбон атрофида жойлаштирилган. Бош корпуснинг ҳовлисида эса профессор-ўқитувчилар учун турар жойлар қурилган.
Хиёбондаги бўлажак қурилишларни ёқлаётганлар билидираётган фикрлар бир қолипдаги гаплардек кўринади назаримда. Ортида кимдир турибди-ю, “ватан манфаатлари ҳақида ёзасан” деб тургандек. Аксарият “халқ учун, ёшлар ва келажагимиз учун” деган сўзларни ишлатмоқда. Мана, ижтимоий тармоқлардаги айрим фикрлар: “СамДУ мамалакат фахри, кандай алломалар утган, уни ривожлантириш давр талаби,бу халк учун-ку”; “ҳали хамма хурсанд бўлади қандей чиройли бўлибти деб. Тўрта дарахтидан бошқасига қараб бўлмайдику ҳозир”; “universitetning rivojlanishi uchun yangi zamonaviy tipdagi o’quv binolari qurilishini talab qiladi. Bu esa ta’limning sifatiga ijobiy ta’sir ko’rsatadi”.
Умуман олгандан, билдирилган фикрларда ҳақ гап ҳам айтилган. Жумладан, СамДУ фахримиз, ривожланиши керак, янги ўқув бинолари, ётоқхоналар лози ва ҳоказо. Аммо бундай фикр билдираётганлар битта “кичик” омилни ҳисобга олмаяпти. Бу – Самарқанднинг тарихий қисмида қурилишни амалга ошириш, кўп қаватли бинолар қуриш МУМКИН ЭМАС! Эски деб айтилаётган бинолар туристлар учун шаҳарнинг жозибардорлигини таъминлайди. Янги, ялтироқ бинолар уларга керак эмас. Агар шаҳарнинг тарихий қисмида ЮНЕСКО рухсатисиз қурилиш ишлари олиб бориладиган бўлса, Самарқанд бу нуфузли халқаро ташкилот рўйхатидан чиқарилади.
Самарқанлик ижтимоий фаоллардан бири Ахтам Ниёзов “СамДУ дегани бульвар деганими?” сарлавҳаси остида эълон қилган постида тўғри таклифни ўртага ташлаган: “33 та объектни бузиб, ўрнига ётоқхоналар ва ўқув корпуслари қуришни таклиф этгунча, Самарқанд ҳалқа йўли атрофидан «Университет шаҳарчаси» учун 100 гектар ер сўраб, 30 мингта студент учун ўқув ва турар жой бинолари, ёш ўқитувчилар ва оилали студентлар учун оилавий меҳмонхона, спорт ўйингоҳлари, сув ҳавзалари, боғлар ва фавворалар, автотураргоҳ каби иншоотларни лойиҳа қилиб тақдим этмасликка нима мажбур қилди?”.
Шаҳарнинг тарихий қисмини тинч қўйиш, унга қўл тегизмаслик керак. Айрим калтафаҳмлар хиёбон атрофидаги эски, кўримсиз бинолар бузилса, ўрнига “замонавий”лари қурилса, хиёбонга, қолаверса, шаҳарга ҳусн киради деган бўлмағур важларни келтиришмоқда. Эй, нодонлар, қадимий шаҳарда фақат тарихий ёдгорликлар эмас, ўша сиз эски деб айтаётган бинолар, маҳаллалар тузилиши, шаклланган инфратузилма азиз ва қадрли ҳисобланади! Ёдгорлик қадимий бўлса-ю, унинг атрофида ялтироқ бинолар (сизлар айтмоқчи “замонавий” объектлар) қад ростласа, тарихий ёдгорликнинг файзи йўқолади, хорижлик сайёҳ, айниқса соҳа мутахассислари унинг салобатини тасаввур қила олмайди.
Шаҳрисабз дарс бўлмайдими?
Айрим фикри ожизларнинг ҳеч нарсадан хабари ҳам йўқ. Шаҳрисабзда нима бўлган эди? Бу қадимий кентда ўйламасдан, сўзи ўтувчи бир кишининг иродаси билан 2016 йилда катта “бунёдкорлик ишлари” олиб борилиб, тарихий қисмидаги бир қаватли “эски” бинолар бузиб ташланган эди. Натижада ЮНЕСКО Жаҳон мероси қўмитаси Шаҳрисабзни бутунжаҳон маданий мероси объектлари рўйхатидан чиқариш масаласини ўртага қўйди.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилган тушунтириш ишлари ва берилган ваъдалар эвазига 2019 йил Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессиясида мазкур масала танқидий кўриб чиқилиб, Шаҳрисабз «йўқ бўлиш хавфи остида қолган объектлар» рўйхатида қолдирилган эди.
Ушбу нуфузли тадбирда қатнашган ўша пайтдаги бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўзининг “Фейсбук” ижтимоий тармоғидади саҳифасида сессия қабул қилган ҳужжатда Ўзбекистон раҳбариятининг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган объектларни ҳимоя қилиш, жумладан ТАРИХИЙ ШАҲАРЛАРДА ҲАР ҚАНДАЙ ҚУРИЛИШ ИШЛАРИНИ ТЎХТАТИШ (таъкид бизники – муаллиф) ҳақида қабул қилган қарорини олқишланганлигини ёзган эди.


Шаҳрисабздаги қурилишлардан олдинги вазият ва ЮНЕСКО рўйхатида қолиш учун қилинаётган ишлар ҳақида бундан икки йил аввал KUN.uz мухбирига берган интервьюсида ўша пайтдаги қурилиш вазири Ботир Зокиров, жумладан шундай деган эди: “Шаҳрисабзда эса, қўпол қилиб айтганда, ўша вақтда бизда бу тажриба бўлмаган. Маданият вазирлиги томонидан қилинадиган ҳужжатлар ҳам ўз вақтида ишланмаган. Шу сабабдан ана шу муаммо келиб чиққан”. (https://kun.uz/news/2021/04/18/qurilishlar-yunesko-bilan-kelishilmagan-edi-vazir-shahrisabzning-xavfli-royxatga-tushib-qolishi-haqida).
Демак, тарихий шаҳарларда олиб бориладиган лойиҳалар ўз вақтида ЮНЕСКО билан келишиилган ҳолда амалиётга жорий этиши керак. Яна хатога йўл қўйиб, уни тузатиш учун изза бўлиб шартми?
Samarkand City қаерда қуриларди?
Самарқанднинг тарихий қисми – Эски шаҳар номи билан аталадиган маҳаллаларида юзлаб хонадонлар ҳам “буз-буз”лардан ЮНЕСКО аралашуви билан сақланиб қолинган эди.
2018 йилнинг кузида шаҳарнинг Хўжа Аҳрори Вали ва Намозгоҳ маҳаллалари ҳудудининг бир қисмида Шанхай Ҳамкорлиги Ташкилоти саммити қатнашчилари учун шаҳарча барпо этиш режаси доирасида у ердаги уйларни бузиш, одамларни шаҳар ташқарисига чиқариш ҳаракати бошланган эди. Вилоят ҳокимлиги вакиллари, биринчи раҳбарларидан бошлаб маҳаллаларга келиб, одамларга баралла “уйларингизни бузамиз, тайёргарлик кўринглар” деган эди.
Булардан камина яхши хабардор. Чунки маҳалла аҳли илтимоси билан бир неча марта бориб, аҳоли билан учрашган, мақолалар тайёрлаб, эълон қилган эдим. (https://nuz.uz/obschestvo/37076-komu-nuzhen-glyancevyy-gorod-vmesto-istoricheskogo-odnoetazhnogo-samarkanda.html).
Маҳалладагилар ҳам турли ташкилот, жумладан ЮНЕСКОга мурожаат қилган эди. 2018 йилнинг 11 декабрида Тошкентда нуфузли халқаро анжуман бўлиб ўтган эди. Унинг секцияларидан бирида айнан Самарқанднинг маданий-тарихий объектларин сақлаб қолиш масаласи муҳокам этилган эди. Унда бундай кейин шаҳарда амалга ошириладиган ҳар қандай қурилиш ва таъмирлаш ишлари тарихий объектларга зарар етказмасдан, ЮНЕСКО билан маслаҳатлашган ҳолда олиб бориш ҳақида сўз борган эди.
Эртаси куни, 12 декабрда Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация Парижга, ЮНЕСКО қароргоҳига бориб, бундан кейинги ишларни муҳокама қилган эди. Жумладан, Самарқанддаги Хўжа Аҳрори Вали ва Намозгоҳ маҳаллаларида мўлжалланган ишлар тўхтатилишига келишиб олинган эди.
Агар мана шу жойда жамоатчилик фаоллик кўрсатмаганда, халқаро ташкилот аралашмаганда, Эски шаҳар ҳудудида калтафаҳму ношудлар касофатида Samarkand City бунёд этиларди.
Университет хиёбони атрофидаги биноларга қўл тегизмасдан, шаҳар ташқарисида ер олиб, талабалар шаҳарчаси қуриш таклифи инобатга олинса нур устига аъло нур бўларди. Бунга асли касби архитектор бўлган ректор-сенатор нима дейди?
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
Мақола саёз ёзилганга ўхшайди ёки кимнингдир илтимоси билан фикрланмасдан, таҳлил қилнмасдан ёзилган.
Биринчидан: Авваллари хиёбон Абрамов, кейинчалик Максим Горький номи билан аталгани, хиёбоннинг бунёд этилишида СамДУнинг ҳеч қандай хизмати йўқлиги учун у ерда ўқув бинолари, лаборатория ёки ётоқхона қуриш мумкинмасми? Ёки шу ерда тадбиркорлик қилаётган ёки яшаётганларнинг хизмати борми хиёбоннинг бунёд этилишида. (бир томонлама ёндошилган)
Иккинчидан: кўп қаватли бинолар қуриш МУМКИН ЭМАСлигини билишса керак ҳокимият ҳам. Кўп қаватли қурамиз дейишмаган шекилли. (Таҳлил қилинмаган)
Учинчидан: Эски деб айтилаётган бинолар туристлар учун шаҳарнинг жозибардорлигини таъминлаши аниқ. Лекин туристлар учун қайси жозибадор бино бузилаяпти экан. Бузилиши лозим деб топилган бинолар туристлар учун жозибадормиди? (Ўрганилмаган).
Тўртинчидан: Кўпчиликнинг бир хил маънодаги фикрлари Сизга қолипдек бўлиб кўриниши табиий. Чунки кўпчилик кўпчиликнинг фикрига қўшилади. Озчиликнинг эса бу жаҳлини чиқаради.
Олтинчидан: Сиз айтган айрим «нодон»ларнинг назаридаги қайси тарихий объект ҳақида гапираётганингиз очиқланмаган. ( Шошма шошарлик).
Еттинчидан: Тарихий бино — Рус-Хитой банкини Университет ўз маблағлари ҳисобидан таъмирлаб, яна хиёбон томонидан ўша «қадрли туристларимиз»га кўриниб туриши, фойдаси борми, йўқми билмайман ўша ЮНЕСКОга яхши кўриниш учун ўзининг ўқув корпусини бир қисмидан кечгани ҳам «нодонлик»ми?