0.7 C
Узбекистан
Среда, 21 февраля, 2024

Суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда судьялар ўрни қандай?

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
6,100участниковПодписаться
- Advertisement -

Самарқанд вилоят судлари томонидан 2022 йил давомида одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлари якунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Вилоят суди раиси Олим Ҳайитов дастлаб 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонларининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди.

Таъкидланганлигидек, Фармонлар билан 2023–2026 йилларга мўлжалланган Суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.

Стратегия доирасида судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш одил судловни таъминлашнинг вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Энди ҳамма гап Фармонларда белгиланган вазифаларни амалга оширишда. Шундай бўлган тақдирда, судларда ишлар сифатли ва ўз вақтида кўрилишига эришилади. Энг муҳими, агар судларнинг чинакам мустақиллиги таъминланса, жамиятда қонун устуворлигига эришилса, судларнинг мавқеи, обрў-эътибори, аҳолининг одил судловга бўлган ишончи ошади.

О.Ҳайитов 2022 йили давомида вилоят судлари томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисоботида жуда кўплаб рақамларни тилга олиб ўтди. Улардан фақат айримларини келтириш билан чекланамиз. Ҳисобот даврида вилоят, туман ва шаҳар жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 5918 нафар шахсга нисбатан 4706 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Тамомланган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 797 тага ёки 16,9 фоизга кўпайган.

Жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони ўтган йилдан кўпайганлиги, албатта, ҳар биримизда ташвиш уйғотади ва биз бу ҳолнинг сабабларини таҳлил қилишимиз зарур. Шу ҳақда сўз юритар экан, вилоят суди раиси аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ошиб бораётганлиги одамларни юзага келган кўпгина ҳолатларда судга мурожаат қилишга ундамоқда.

Масалан, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда шаҳар, туманлараро иқтисодий судлари томонидан 2022 йилда ундан олдинги йилга нисбатан деярли 36 фоиз кўпроқ ишлар кўриб чиқилган. Бу ҳам тадбиркорларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошиши туфайли ҳар қандай низоли ҳолатларни урушу жанжал билан эмас, қонун асосида ҳал қилишга интилишнинг кўринишидир. Албатта, бу хотиржамликка сабаб бўла олмайди. Нима бўлганда ҳам, қонун бузилишини олдини олишга қаратилган профилактика ишларни тизимли давом эттириш лозимлиги кўриниб турибди.

Бундан бир неча йил аввал судларнинг оқлов ҳукм чиқариши ҳақида деярли эшитмас эдик. Шукр, бу йўналишда анча ижобий ўзгариш кузатилмоқда. О.Ҳайитовнинг уқтиришича, ўтган йили судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари бўйича 654 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинган. Вилоят судларининг барча инстанцияларида 16 та жиноят иши бўйича 17 нафар шахс оқланган. Шунингдек, 1196 та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан тугатилиб, 1271 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган.

Афсуски, айримларга қилмиши учун жазога тортилганлиги сабоқ бўлмаяпти. Давлат томонидан кўрсатилган инсонпарварликни тўғри тушунмай, белгиланган тартибларни бузганлиги учун 340 нафар шахсга нисбатан тайинланган жазолар оғирроғига алмаштирилди. Амалдаги тартибларни бузганлиги учун озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган 219 нафар шахснинг жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. Жазони ижро этиш манзил колониясининг ички тартиб қоидаларини бузган 58 нафар маҳкум ёпиқ турдаги жазони ижро этиш муассасаларига юборилган.

Жиноятчиликнинг қайси турлари кўпайганлиги ва қайсилари нисбатан камайганлиги ҳақида ҳам маълумот келтирилди. Таъкидланишича, 2022 йил давомида Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан судланганлар 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 218 нафарга, ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) билан судланганлар 296 нафарга, ЖКнинг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан судланганлар 215 нафарга кўпайган.

Шунингдек, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш, қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш, қасддан баданга ўртача оғир ва ўртача енгил шикаст етказиш билан боғлиқ ишлар билан судланганлар сони камайган.

Матбуот анжуманида, шунингдек, вилоят маъмурий суди раиси Тоҳир Файзиев, вилоят суди раисининг ўринбосарлари – жиноят, фуқаролик ва иқтисодий судлов ҳайъатлари раисларининг ҳисоботлари ҳам тингланди.

Матбуот анжуманида бўлиб ўтган савол-жавоблар давомида судьяларнинг имиджини ошириш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Бу йўлда давлат томонидан амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда судьяларнинг ўзларига ҳам кўп нарса боғлиқлиги таъкидланди. Судлар йўл қўйган хато ва камчиликлар ҳақида очиқ сўз юритилди. Энг муҳими, бу фактлар яширилмаган, муҳокама этилган ва 24 нафар судьяга нисбатан хусусий ажрим чиқарилган. Иши бекор қилинган судьялар учун семинарлар ташкил қилинган.

Вилоят суди раиси судьялар томонидан йўл қўйилган камчиликлар сабабларидан бири улар иш ҳажмининг ҳаддан кўплиги эканлигини уқтирди. Ҳар 100 минг кишига ҳисоблаганда, мамлакатимизда судьялар сони ҳатто қўшни давлатларга нисбатан ҳам анча камдир.

Суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун давлат органлари, жамоатчилик билан бир қаторда, албатта, судларнинг ўзлари ҳам ҳаракат қилиши кундек равшан бўлиб турибди.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ҳиндистонда Ўзбекистон 2024 йилдаги еттита энг яхши саёҳат йўналиши рўйхатига киритилди

Ҳиндистоннинг ихтисослашган “Travel Links” журнали Ўзбекистонни 2024 йилдаги еттита энг яхши саёҳат йўналиши рўйхатига киритди. Бу ҳақда “Дунё” АА...

Больше похожих статей

×