Маълумки, Президентимизнинг 2022 йил 22 сентябрдаги “Ипотека кредитидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, ипотека кредити механизмларидан фойдаланиш амалиётини янада такомиллаштириш ва кенгайтириш мақсадида бир қатор имтиёзлар берилмоқда.
Хусусан, шу қарорга асосан, 2023 йил 1 январдан бошлаб дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилган фуқароларнинг уй-жойларни сотиб олиш, қуриш ёки реконструкция қилиш учун олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди.
Бунда имтиёз қарз олувчи ва бирга қарз олувчилар даромадининг бир солиқ даврида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 80 бараваридан ошмаган қисмига татбиқ этилади.
Солиқ кодексининг 378-моддаси 16-бандига кўра, бир қатор даромад турларига солиқ солинмайди. Солиқ тўловчининг қуйидагиларга йўналтириладиган солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадларига солиқ солинмайди. Олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни солиқ даври давомида жами ўн беш миллион сўмгача бўлган миқдорда қоплашга, башарти якка тартибдаги уй-жойнинг ёки кўп қаватли уйдаги хонадоннинг қиймати уч юз миллион сўмдан ошмаса ҳамда у дастлабки бадалнинг ва (ёки) ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджетдан ажратилган субсидияларни ҳисобга олган ҳолда олинган бўлса.
Мазкур имтиёз қарз олувчига ва бирга қарз олувчиларга, имтиёз олиш ҳуқуқига эга бўлган барча солиқ тўловчиларга берилган, солиқ солиниши лозим бўлган даромадларни камайтириш суммаси солиқ даври давомида жами ўн беш миллион сўмдан ошмаган тақдирда татбиқ этилади.
Мол-мулк унга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан 36 ой ичида бегоналаштирилганда, даромадлар солиққа тортилади.