Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида шифокор аёвсиз калтаклангани акс этган видеолавҳа тарқалди. Аниқланишича, Бойсун туман тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимида шу йил 9 январь санасида навбатчилик қилаётган шифокор Ф.Ж. ва фуқаро Ш.Х. ўртасида шахсий масала юзасидан тортишув келиб чиққан. Оқибатда келишмовчилик жанжалга айланиб, шифокор олган тан жароҳати туфайли ҳушини йўқотган.
Сўнг жабрланувчи туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимига «Бурун суягининг ёпиқ синиши. Ўнг кўз олмаси контузияси. Ўнг юқори жағ жароҳати» ташхиси билан ётқизилган. Ҳозир беморнинг аҳволи ўрта оғир. Даво муолажалари белгиланган стандартлар асосида олиб борилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан бугун Бойсун туман Ички ишлар бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.