Хабарингиз бор, Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари Туркий давлатлар ташкилоти саммити бўлиб ўтиши ҳақида сайтимиз олдин хабар берган эди. Бугун саммит доирасида қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Аввало шуни таъкидлаш лозимки, саммитда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон президентлари, Венгрия Бош вазири ҳамда Туркманистон Халқ маслаҳати раиси қатнашмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасидаги биринчи учрашувни Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан ўтказди. Уқтирилишича, учрашувда иқтисодий соҳадаги амалий ҳамкорлик – қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун молиявий механизмлар ва қулай шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти Ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.


Эрталаб эса саммит доирасида Ўзбекистон-Венгрия бизнес-форуми ўтказилди. Унда Венгрия ташқи савдо ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ахборот берди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида Инвестицион фонд ташкил этилади. Вазир, шунингдек, ҳамкорлик давомида муқобил энергия манбаларини кўриб чиқиш, ҳаво алқалари ривожлантириш ҳамда ўзбек талабаларини Венгрияда таълим олишлари мумкинлигини таъкидлаб ўтди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалик вазирлиги томонидан Венгриянинг “Бонафарм” компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида паррандачилик кластери ташкил этиш лойиҳаси бўйича ишлар олиб борилмоқда.


Туркий давлатлар ташкилоти саммити бошланишидан аввал учта вазирлик – Туризм ва маданий мерос, Транспорт ва Молия вазирликлари брифинг ўтказди. Бугун эса Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Маданият вазирлиги, Давлат экология қўмитаси ҳам брифинг ўтказди. Уларда ҳар бир соҳада туркий давлатлар билан амалга оширилаётган ишлар, ҳамкорлик ҳақида сўз юритилди.


Самарқанддаги халқаро тадбирни кенг ёритиш учун 240 дан ортиқ хорижий ва 300 дан зиёд маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюрган. Саммит доирасидаги тадбирлар дунёнинг ўндан ортиқ тилларида ёритиб борилмоқда.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз