Бугун, 2 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Ҳятт Регенсй” меҳмонхонасида «Ўзсувтаъминот» АЖ ва Бирлашган Араб Амирликларининг “Abu Dhabi Sewerage Services” ((ADSSC) компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Меморандумни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари, «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаров ва “Abu Dhabi Sewerage Services” бош ижрочи директори Аҳмед Ал-Шамси имзоладилар.
Унга кўра, “Тошкент шаҳрининг оқова сув тизимини яхшилаш” лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, лойиҳа доирасида Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ тумани «Сурум» МФЙ ҳудудида кунлик қуввати 1 миллион метр кубдан зиёд бўлган замонавий оқова сув тозалаш иншооти қурилади.

Бу 3-оқова сув насос станцияси, «Бектемир» ва «Бинокор» оқова сув тозалаш иншоотларига келаётган оқова сувларни ўзи оқар тарзда иншоотга қабул қилиш имкониятини беради. Бунинг натижасида суткасига жами 55,4 кВт электр энергияси тежалишига эришилади.
Янги оқова сув иншоотининг биринчи босқичи якунланганидан сўнг, Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларидаги 400 мингдан ортиқ аҳоли, корхона ва ташкилотлар марказлашган оқова сув хизмати билан қамраб олинади.
Эътиборлиси, лойиҳанинг амалга оширилиши ушбу туманлардаги санитария-эпидемиологик ҳамда экологик ҳолат янада яхшиланишига ҳам олиб келади.
Маълумот учун: “Abu Dhabi Sewerage Services” компанияси 2005 йилда Абу-Даби амирлигидаги барча турар-жой ва аҳоли пунктларидан оқова сувларни йиғиш ва тозалаш, шунингдек хўжаликларнинг қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларини хавфсиз утилизация қилиш мақсадида ташкил этилган.